Эрон АҚШнинг Қатардаги базасига ҳужум қилди. Ҳа, тўғри эшитингиз, Эрон араб давлати ҳудудига ракета учирди. Бу чинакам кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа бўлди.
Қатар осмонида ракета
Яқин Шарқда уруш деганда, одатда, Исроил Фаластин, Ироқ ёки Сурия ҳудудидаги тўқнашувлар тушунилади. Саудиядаги Saudi Aramco заводига яманлик ҳусийчилар ҳар замонда ракета ҳам учириб туришади. Бор-эй, БААда ҳам шов-шувли қотилликлар, жуда бўлмаса, пичоқбозликлар бўлиб туради. Кувайт ҳам бир неча йил аввал Ироқ билан урушган.
Лекин минтақада бир давлат борки у ерда қандайдир уруш кетиши, осмонида ракета учишини тасаввур қилолмайсиз. Бу – Қатар. Мен Қатарда 40 кун яшаган одам сифатида айтаман, бу давлатда полиция ёки бирор қоидани бузган ҳинд ҳайдовчини ёки футбол ўйинига сохта чипта сотаётган бирор муҳожирни қўлга олиб қамаши мумкин. Албатта, жиноят ҳамма ерда бўлади, лекин мен бу мисолларни Қатар қанчалик тинч, урушдан йироқ давлат эканини тушунтириш учун айтдим.
Бугун мана шу Қатарнинг осмонўпар бинолари устида ракеталар учди. Уларнинг уриш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга туширилди. Мен Қатар узра Эрон ракеталари учаётганини кўриб ишонолмадим тўғриси. Ахир Қатар араб давалтлари ичида Эрон энг қалин бўлган давлатлардан эди.
Олтита ракета
Эрон Доҳа яқинида жойлашган АҚШга тегишли «Ал Удейда» авиабазасига ҳужум қилди. Эрон томонига кўра, база тўлиқ йўқ қилинган, лекин Қатар томони барча ракеталар тутиб қолинганини айтмоқда.
Эрон томони бу АҚШнинг мамлакат ядро объектларига зарбасига жавоб бўлгани ҳақида баёнот берди. Қатар Эронга жавоб бериш ҳуқуқига эгалигини эслатди. Доҳа ҳужумни Қатар суверенитетига очиқ таҳдид деб қабул қилишини билдирган. Америка нашрларига кўра, Қатардаги базага олтита ракета ташланган.
Трамп Эронга раҳмат айтди
Доналд Трамп Эрон Қатардаги базага 14 та ракета отгани, улардан 13 таси уриб туширилгани ва биттаси ноаниқ кетганини айтди. Ва диққат қилинг, Трамп Эронга ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантиргани учун раҳмат айтди. Тушундингиз-а? Эрон АҚШга қайсидир давлат орқали алоқага чиқиб, ўртоқлар биз сизнинг Қатардаги авиабазангизга зарба берамиз, эҳтиёт бўлинглар деган экан. Ҳар ҳолда Америка президенти шунақа деяпти.
Трамп постида шу билан Эрон билан тўқнашув тугади деган мазмунда гапириб, Теҳрон энди тинчликни танлаши кераклигини қўшимча қилган. Шунингдек, Трамп Эрон номигагина ҳужум қилди деган мазмунда ҳазил ҳам қилган.















