АҚШ разведка идоралари Америка зарбалари Эрондаги ядровий иншоотларга етказган зарарни баҳолашда Оқ уйнинг фикрига қўшилмади. Пентагон мамлакат ядровий дастури қайтарилмас тарзда йўқ қилингани йўқ деб ҳисоблайди, дея хабар берди Американинг CNN телеканали ва The New York Times газетаси 24 июн, сешанба куни идорадаги манбаларга таяниб.
Пентагон разведка бошқармасининг ОАВ манбалари таянган ҳисоботига кўра, АҚШнинг Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги объектларга берган зарбалари Эроннинг ядровий дастурини фақат бир неча ойга тўхтатиб қўйган. Нашр манбаларининг таъкидлашича, бойитилган уран захиралари бу майдонлардан олдиндан кўчирилган бўлиши мумкин ва уранни янада бойитиш учун зарур бўлган центрифугалар «асосан бузилмаган».
CNN таъкидлашича, Эрон ядровий иншоотларига АҚШ ҳужумлари натижасида етказилган асосий зарар ерусти тузилмалари ҳиссасига тўғри келган. Шу билан бирга, кўплаб ҳарбий экспертларнинг фикрига кўра, Исроил АҚШни Эронга ҳужумга қўшилишга кўндирган, чунки Вашингтонда ноёб GBU-57А бомбалари — тоғ остида яширинган Фордодаги объектга етиб бориши мумкин бўлган снарядлар бор эди.
Бундан ташқари, Эрондаги уранни бойитиш бўйича кичик махфий иншоотлар ҳам дахлсиз қолди, деб ёзади NYT Исроилнинг исмини ошкор этмаган расмийларига таяниб. Уларнинг фикрича, Теҳрон бундай марказларни Фордо ва Исфаҳон каби мажмуалар вайрон қилинган тақдирда ҳам мамлакат ядровий дастури давом этиши учун махсус қурган.
Bloomberg аввалроқ сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг номи ошкор этилмаган вакилларига таяниб, худди шундай баҳо берган эди. Мисол тариқасида улар суратларда кўриниб турган Исфаҳон иншоотига қилинган ҳужум оқибатларини келтириб ўтди – иншоотдаги учта реактор зарар кўрмаган, гарчи атрофдаги йирик биноларнинг аксарияти вайрон бўлган.
Ушбу баҳолаш, шунингдек, ҳужумлардан кейин учта объектда ҳам радиоактивлик даражасининг кўтарилмагани билан ҳам қўллаб-қувватланади, агар реакторлар шикастланган бўлса, бу содир бўларди, дея таъкидлайди АЭХА. Bloomberg манбаларига кўра, Америка Қўшма Штатларининг бундай танлови атайлаб қилинган, аммо АЭХА вакиллари бу қарорнинг эҳтимолий сабабларини келтирмаган.
АҚШ президенти Доналд Трамп Американинг Эрондаги ядровий иншоотларга ҳужуми муваффақиятига шубҳа қилган ОАВни ҳақорат қилди. У бундай оммавий ахборот воситаларига нисбатан «ютқазганлар» ва «ахлат» сўзларини ишлатиб, Эрондаги объектларга бомба ташлаган самолётлар учувчиларидан узр сўраши кераклигини, чунки ҳарбийлар миссияни ажойиб тарзда бажарганини айтди.
















