Жаҳон | 08:37 / 26.06.2025
3013
2 дақиқада ўқилади

Британия музлатилган Россия активларидан фойдаланган ҳолда Украинага 350 та ракета юборади

Партия нархи 70 миллион фунт стерлингни ташкил этади, пул ERA дастури бўйича даромадлардан олинган.

Фото: Global Look Press/Kay Nietfeld

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 350 та илғор ASRAAM қисқа масофали «ҳаво-ҳаво» ракеталарини Украинага қуруқликдан учириш мосламалари учун мослаштирилган ҳолда топширишини эълон қилди. Етказиб бериш Extraordinary Revenue Acceleration (ERA) дастури доирасида Бирлашган Қиролликдаги музлатилган Россия активларидан олинган фоиз даромадидан 70 миллион фунт стерлинг ҳисобидан молиялаштирилади.

Идора маълумотларига кўра, уч ой ичида дастлаб қирувчи самолётлардан учириш учун мўлжалланган ракеталар ҳарбий юк машиналари асосидаги аккумуляторлардан ерга учириш учун мослаштирилган. Улар аввалроқ Киевга етказилган (саккизта) Raven мобил тизимининг бир қисми бўлади ва яна бешта ракета билан тўлдирилади.

Бош вазир Кир Стармер: «Украина Владимир Путин бошлаган ноқонуний уруш учун пул тўламаслиги керак, Россия тўлаши керак. Музлатилган Россия активларидан тушган маблағдан Украинанинг ҳаво мудофаасини мустаҳкамлаш учун фойдаланиш мутлақо тўғри қадам», деди.

Мудофаа вазири Жон Хили тинчликка эришиш учун Киев имкон қадар кучли позицияда бўлиши кераклигини таъкидлади: «Россиянинг Украина шаҳарларига пала-партиш ракета ва дронлар билан зарбалар бериши Путиннинг тинчлик кайфиятида эмаслигини кўрсатади. Шу боис музлатилган Россия активларидан тушган маблағни Украинани бу хунрезликдан ҳимоя қилиш учун ишлатишга ҳақлимиз».

Мудофаа вазирлиги баёнотида Лондон аллақачон Украинага ҳар хил турдаги жами 5000 та ракета етказиб бериш мажбуриятини олгани эслатилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид