Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Эрон билан музокараларни тикламоқчи

Сўнгги икки ҳафта давомида ҳарбий тўқнашувларга қарамай, АҚШ ва Яқин Шарқдаги муҳим шахслар — Эрон расмийлари билан яширинча музокаралар олиб борган. CNN нашри ушбу масала билан таниш манбаларига кўра, Трамп администрациясининг таклифлари ўзгарувчан, аммо битта қатъий шарт мавжуд: Эрон томонидан уран бойитилишининг бутунлай тақиқланиши. Эрон эса бу талабга аввалдан қаршилик билдириб келмоқда.

Бу пайтгача оммага маълум бўлмаган муҳокама қилинаётган шартлардан бири — Эронда фуқаровий энергияга мўлжалланган, аммо уран бойитилмайдиган ядровий дастур учун 20-30 миллиард долларгача сармоя киритиш таклифи. Аммо АҚШ ушбу харажатларни араб иттифоқчилари зиммасига юклаш ниятида.

«Биз ушбу музокараларга раҳбарлик қилишга тайёрмиз. Лойиҳани амалга ошириш учун кимдир пул тўлаши керак бўлади, аммо бу биз бўлмаймиз», — деган Трамп маъмурияти расмийси CNNга.

Бошқа имтиёзлар қаторида, баъзи санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг хорижий банк ҳисобларида блокланган 6 миллиард доллар миқдоридаги маблағдан фойдаланишга рухсат берилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Таклифлар кўриб чиқилаётганининг сабаби – Оқ уй маъмуриятида Эронга шартлар рўйхатини тақдим этиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, президент Трамп чоршанба куни АҚШ ва Эрон кейинги ҳафта музокара столи атрофида ўтиришлари мумкинлигини айтганди.

26 июнь куни чиқиш қилган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса ҳозирча АҚШ билан музокаралар бўлмаслигини айтди.

«АҚШнинг Эронга уюштирган ҳарбий ҳужумлари дипломатия ва музокараларга хиёнат. Музокараларни қайта бошлаш бўйича ҳеч қандай келишув йўқ. Ҳатто музокаралар ҳақида ҳеч қандай гап ҳам бўлмаган. Музокаралар ҳозир кун тартибида эмас», дея Ароқчининг сўзларини келтирмоқда Mehr News.

Эрон бош дипломати улар дипломатияга содиқ қолишини таъкидлади, бироқ АҚШ билан музокараларни тиклаш ёки тикламаслик қарори яна кўриб чиқилиши лозимлигини айтди.

Уруш учун товон

Сиёсатчилар бошлаган урушлар ҳар доим оддий халқнинг бошига зарар олиб келади: ҳам моддий, ҳам жисмоний. Жумладан бир неча ҳафта олдин Исроил бошлаган уруш ҳам бундан мустасно эмас.