Ассалому алайкум. Бугун 29 июн, якшанба. Ёзнинг энг иссиқ ойи бошланмоқда. Барчамизга бу ойни блэкаутларсиз, коммунал узилишларсиз ўтказиб олишни тилайман. Ортда қолаётган ҳафтада Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тугади. Эрон олий раҳбари бункердан чиқиб, халқини «АҚШ ва Исроил устидан ғалаба билан» табриклади.

Кейинроқ Эрон Америка билан музокара ўтказишга, Вашингтон эса Эрон фуқаровий ядро дастурига 30 миллиард доллар инвестиция киритишни ўйлаётгани ҳақида хабарлар чиқди.

Зўр а? Сиз «Ана, уруш бошланди, энди фалон давлат фалон давлатни қириб ташлайди», дейсиз, эрталаб уйғониб Telegram-каналлардаги кўпи ёлғон хабарларни ўқиб, кун бўйи уруш таъсирида юрасиз. Бир давлат «қасос байроғини» кўтариб, бошқа давлатга «Энди сени океанингга кўмаман», дейди. Бошқа давлат қирувчи самолётларини душмани осмонида худди варрак учиргандек учириб, тонналаб бомба ташлайди. Бир қарашда ҳаммаси тушунарли: душманлик авжида, сизнинг юрагингиз янада ҳапқириб уради. Лекин...

Ажойиб кунларнинг бирида худди шу душманлар бир-бири билан мулоқот қилишга, ҳатто «ядро дастурига инвестиция киритишга тайёрлиги» маълум бўлади. Худди бу сиёсатчилар бошқа дунёда, биз эса бошқа – параллел дунёда яшаётгандекмиз. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, дунёда ҳафта давомида нималар бўлганини биргаликда ёдга оламиз.

Уруш тугади

Демак, ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Эрон – Исроил уруши тугагани бўлди. Қисқача 12 кун давом этган урушда нималар бўлганини эсласак. Демак, урушни Исроил бошлади. Тел-Авив Эрон ядро қуроли ясашга яқинлашди, деган абсурд иддао билан Эрон шаҳарларини бомбалади. Ҳужумнинг биринчи тўлқинида Исроил Эрон ядро дастурининг муҳим одамлари экани айтиладиган олимларни ўлдирди. Уларнинг квартираси ичигача аниқ зарба берди. Дарвоқе, Исроил самолётлари Эронга зарба беришидан аввал Моссад агентлари Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига мамлакат ичидан туриб зарба бергани учун Эрон Исроил самолётларига қаршилик қилолмаган.

Кейин Эрон Исроил шаҳарларини бомбалашни бошлади. «Темир гумбаз» бирин-кетин ракеталарни ўтказиб юборди, чунки Эрон жуда кўп ракета учирди. Шу тариқа икки давлат 12 кун бир-бирига ракета отди ва... энг охирида урушга Америка деган давлат қўшилди. «B-2» бомбардимончи самолётлари Америкадан учиб бориб Эрондаги учта ядро объекти, хусусан, тоғ остидаги Фордо заводига зарба йўллади. Баҳайбат «B-2» ва бошқа қирувчи самолётлар Эрон осмонидан учиб ўтишида ҳеч қандай қаршиликка учрамаган.

Америка ҳужумига жавобан Эрон Қатардаги америкаликлар базасига ракета учирди. Араб давлати барча ракеталар тутиб қолинганини хабар қилди. Шу билан уруш тугади. Америка ҳар икки томонни бас қилишга чақирди. Исроил самолётлари Трампнинг постидан кейин навбатдаги зарба учун учиб кетаётган жойидан ортга қайтарилди.