АҚШ ўз захиралари ҳажми билан боғлиқ хавотирлар туфайли Украинага ракета ва ўқ-дори етказишда танаффус жорий қилди. Ҳарбий ёрдам етказиб бериш тўхтатилгани фактини Оқ уй матбуот котиби Анна Келли тасдиқлаган ва бу қарор «Америка манфаатларини биринчи ўринга қўйиш учун» қабул қилинганини таъкидлаган.

Айнан қандай қуроллар етказиб берилиши кечиктирилишига расман аниқлик киритилмаган, аммо NBC News ўз манбасига таяниб ёзишича, улар қаторида — Patriot тизими учун ўнлаб ракеталар, шунингдек Hellfire русумли юзлаб, Stinger русумли ўнлаб ракеталар, GMLRS реактив снарядлари, гранатомётлар ва минглаб осколкали-фугасли ўқ-дорилар бор.

Politico гап Жо Байден маъмурияти давридаёқ кафолатланган қуроллар ҳақида кетаётганини қайд этган. Ушбу ўқ-дорилар Украинага икки йил давомида икки канал орқали етказиб берилган: Пентагоннинг ҳозирги захираларидан ва Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) орқали. Байденнинг президентлик муддати тугагач, USAI томонидан ажратилган барча маблағлар тақсимланди ва тизимлар тайёр бўлгач, етказиб бериш давом этди.

NBC News маълумотига кўра, ёрдамни тўхтатиш қарори Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет томонидан қабул қилинган. У бир неча ҳафта олдин омборлардаги ўқ-дорилар миқдорини текширишни талаб этувчи меморандумни имзолаганди. Украина ва Исроилга ёрдам, шунингдек, Ямандаги ҳусийчиларга қарши ҳарбий ҳаракатлар туфайли захиралар сезиларли даражада камайган.

Ёрдам етказиб бериш қачондан тикланиши номаълум. NBC News ёзишича, ёрдам камида текширув якунлангунича тўхтатиб турилади, агар улар чиндан ҳам жуда қисқариб кетгани тасдиқланса, ёрдам етказиб беришдаги танаффус яна узоқ давом этиши мумкин. Reuters Пентагон умуман бу масаладаги сиёсатини ўзгартиришини анонс қилмаганини қайд этган.

Таъминот тўхтатилгани ҳақидаги хабарлар фонида АҚШ муваққат ишончли вакили Жон Гинкел Украина ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Дипломат билан вазир ўринбосари Маряна Беца учрашув ўтказган. Ташқи ишлар вазирлигининг расмий хабарида айтилишича, у «босқин бошланганидан бери кўрсатилган ёрдам учун АҚШга миннатдорчилик билдирган», бироқ таъминотдаги ҳар қандай кечикиш «тажовузкорни уруш ва террорни давом эттиришга ундаши»ни таъкидлаган.

Украина мудофаа вазирлиги эса қурол-яроғ етказиб бериш бўйича тафсилотларни аниқлаш учун АҚШдаги ҳамкасблари билан телефон орқали мулоқот қилиш бўйича сўров юборилганини хабар қилган. Вазирликдагилар илгари келишилган ёрдамни етказиб бериш жадвалларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида ҳали расмий хабар келиб тушмаганини қайд этган.

Patriot ракеталарини етказиб бериш Украина учун жуда муҳим, чунки бу Россия томонидан фаол қўлланаётган баллистик ракеталарни тутиб олишга қодир бўлган кам сонли ҳаво мудофаа тизимларидан биридир. Киевда тизимларнинг ўзи ва уларга ўқ-дорилар доимий равишда етишмаслиги бир неча бор таъкидланган, баҳорда президент маслаҳатчиси Михайло Подоляк Patriot’дан фойдаланиш имкониятининг йўқолишини мамлакат учун «алоҳида муаммо» деб атаганди.