«ПСЖ» икки четлатишдан кейин ҳам ғалабани сақлаб қолди
КЖЧ. Чоракфинал
«ПСЖ» - «Бавария» 2:0
5 июл. Атланта. «Мерседес-Бенц»
Голлар: Дезире Дуэ, 78 (1:0), Усмон Дембеле, 90+6 (2:0).
«ПСЖ»: Доннарумма, Ҳакими, Маркинос, Пачо, Мендеш, Руис (Заир-Эмери, 80), Витиния, Невеш, Барколя (Дембеле, 70), Дуэ (Эрнандес, 80), Кварацхелия (Бералдо, 84).
«Бавария»: Нойер, Упамекано, Та, Киммих, Кейн, Коман (Мюллер, 80), Олисе, Лаймер, Мусиала (Гнабри 46), Сатанищич (Боэ 34, Геррейро, 88), Павлович (Горетцка, 80).
Огоҳлантиришлар: Лаймер, 68 (Бавария), Дyе, 76 (ПСЖ).
Четлатишлар: Пачо, 82 (ПСЖ), Эрнандес, 90+2 (ПСЖ).
«ПСЖ» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати яримфиналига чиқди. Луис Энрике шогирдлари икки киши кам бўлиб қолганига қарамай, «Бавария»ни мағлуб этишнинг уддасидан чиқди.
«Ал-Ҳилол» ва Лотин Америкаси вакиллари ирода ва сифатли футбол бўлан барчани ҳайрон қолдирди, аммо кўпчиликни Европанинг гранд жамоалари тўқнашуви қизиқтирарди. «Бавария» ва «ПСЖ» эса айнан шундай жамоалардир.
Тўғри, икки жамоага ҳам турнир давомида саволлар пайдо бўлди. Парижликлар гуруҳ босқичида «Ботафого»га ютқазиб қўйди (0:1), Луис Энрикенинг ҳужум чизиғи эса сермаҳсуллик кўрсата олмаяпти. «Бавария» «Окленд Сити»ни тор-мор этганидан кейин (10:0) бошқа бундай кучли ўйин намойиш этмади — Венсан Компани жуда кўп ротация қилди ва бу ўйин сифатига таъсир кўрсатмай қолмади. Гуруҳ босқичида мюнхенликлар кутилмаганда «Бенфика»га ютқазди (0:1), 1/8 финалда «Фламенго» тўсиғидан қийналиб ўтди (4:2).
Икки клуб ҳам — тўпга эгалик қилишни ёқтирадиган жамоалар сирасига киради, шу туфайли ўйиндаги асосий интрига ҳудудларга ким эгалик қилиш масаласи бўлиши олдиндан тайин эди. Компани ва Энрике тўпга эгалик қилишга урғу қаратиладиган доминант футбол намойиш этади ва бундай жамоалар плей-оффда учрашганида, ўйин қандай кечишини кузатиш доим қизиқ бўлади.
Илк дақиқаларда ўйинда «ПСЖ» устунлик қиладигандек кўринганди — ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштак чалинганидан кўп ўтмай Хвича тўпни Олиседан олиб қўйди ва Дуэга пас берди, ҳужумчи олис бурчакни аниқ нишонга олишига бир неча сантиметр етмай қолди. 10-дақиқага келиб эса майдоннинг «Бавария» рақиб жарима майдони жойлашган иккинчи қисмида муқим ўрнашиб олиб, кетма-кет позицион ҳужумлар уюштира бошлади. Асосий урғу Лаймер, Киммиҳ ва Олисе ўзига хос учбурчак ҳосил ҳосил қилган ўнг қанотда фаол ўйнашга қаратилди — ушбу футболчилардан тўпни олиб қўйиш амалда имконсиз эди. Иккинчи қанотдаги Команга олис узатмалар билан тўп етказиб берилди ва у кўп ҳолларда рақибнинг фақат бир ҳимоячиси қаршисида қолди.





















