Россия армиясига ёлланган бухоролик йигит жиноий жазога тортилди.

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, 1993 йилда Бухоро вилоятининг Ромитан туманида туғилган А.Р. 2018 йил 27 июл куни Қозоғистон орқали Россиянинг Воронеж шаҳрига борган. У мавсумий ишларда ишлаб юрган даврида Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолган ҳолда Россия фуқаролигини олган.

А.Р. 2024 йил 13 май куни Россия ҳудудида 2019 йил содир этган жинояти учун қамоққа олиниб, Самара шаҳридаги 1-сонли вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Сўнгра ҳибсхонада Россия қуролли кучлари сафига ёллаш бўйича ўтказилган тарғибот тадбирида Украинага қарши урушда қатнашишга рози бўлган.

У 2024 йил 18 июл куни Самара шаҳридаги ҳарбий қисмда рўйхатга олиниб, унга ҳарбий гувоҳнома, оддий аскар унвони берилган. Шундан кейин бошқа ёлланган ҳарбий хизматчилар билан бирга Луҳанскка юборилган.

А.Р. Россия армияси сафида ҳарбий тайёргарликдан ўтган ҳамда Украинага қарши урушда фаол иштирок этган. 2024 йил 27 июл куни ҳарбий базага берилган ракета зарбаси оқибатида яраланиб, госпиталга олиб кетилган.

 А.Р. судда айбига тўлиқ иқрор бўлган.

«2019 йилда маст ҳолатда машинада бўлган ёнғин ўчирувчи мослама билан Хоразм вилоятидан бўлган бир шахснинг бош қисмига уриб, у ердан қочиб кетдим. 2024 йил 13 май куни мени қамоққа олишди. Тергов жараёнида икки ой қамоқда бўлдим. Ўша вақтда ҳарбийлар келиб, Украинага қарши урушда қатнашишни таклиф этишди. Бунинг эвазига жазодан озод қилишни ва 2 млн рубл берилишини айтишди. Мен рози бўлдим ва шартномага имзо чекдим.

2024 йил 18 июл куни менга оддий аскар унвони ва ҳарбий гувоҳнома беришди. Сўнгра Луҳанск шаҳрига олиб боришди. Ўша ерда жойлашган бинонинг ертўласида кутиб, урушга тайёргарлик кўришни бошладик. Ҳар куни эрталаб 5 км масофага югуриб, машқ қилдик.

2024 йил 27 июлда биз турган жойга 3 та ракета келиб тушди. Шу вақтда мен билан бирга бўлган 30 нафар аскар вафот этди. Қолганлар эса турли даражада яраланди. Мен орқа мушагимга 2 та осколка кириб, жароҳатландим. Ярадор аскарлар қатори мени ҳам Ростов шаҳридаги госпитилга олиб келишди. У ердан чиқиб, таксида Самара шаҳри қайтиб келдим», деган йигит ўз кўрсатмасида.

Сўнгра А.Р. Екатеренбург шаҳридаги ҳарбий қисмгага борган. У ерда ҳарбий қисмга тегишли госпиталда 21 кун даволанган ва Самарага қайтиб келган. Бир таниши унга госпиталдан чиққандан сўнг ҳарбий қисм томонидан қидирилишини, урушга қайта олиб кетилиши ёки Россиядан чиқиб кетиши кераклигини маслаҳат берган.