Ўзбекистон | 16:10 / 07.07.2025
1709
2 дақиқада ўқилади

Венгрияда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид қўлёзмалар нусхаси Тошкентда намойиш этилади

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шаҳавдинов Ференц Сечен номидаги Венгрия Миллий кутубхонаси директори Давид Рожа билан музокаралар ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва илмий меросига оид қўлёзмаларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар қўшма кўргазмалар ташкил этиш, Ўзбекистон ва туркий дунёга оид нодир архив ва қўлёзма материалларнинг рақамли нусхаларини алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ноёб манбалар факсимилесини яратиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, каталоглар тайёрлаш, қўшма нашрлар ва илмий тадбирлар, жумладан, халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Венгрия томони 2025 йил августидан 2026 йилнинг февралигача Ўзбекистонда бўлиб ўтиши режалаштирилган "Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси" халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади. Бундан ташқари, кўргазмада Венгрия Миллий кутубхонаси фондларида сақланаётган Ўзбекистон ва туркий халқларга оид қўлёзмалар нусхаларини тақдим этилиши маълум қилинди.

Музокаралар якунида Венгрия Миллий кутубхонаси негизида қўлёзма меросини тиклаш, сақлаш ва рақамлаштириш бўйича Ўзбекистон мутахассислари учун қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид