5-6 июл кунлари Украина дронларининг Россияга ёпирилма ҳужуми Россия фуқаро авиациясида транспорт инқирозига олиб келди. Россия ҳудудлари осмонида дронлар пайдо бўлиши туфайли Россиянинг 10 дан ортиқ шаҳарларидаги аэропортлар ёпилди. Россия аэропортларидаги бу инқироз авиакомпанияларга камида 40 миллиард рублга тушди, деб ҳисоблайди «Коммерсант».

«Представитель Росавиации» телеграм-канали икки кун давомида Иваново, Калуга, Псков, Тамбов, Киров, Нижний Новгород, Ярославл, Ижевск, Саратов, Уляновск аэропортларида «ҳаво кемаларини қабул қилиш ва чиқариш вақтинчалик чеклангани» ҳақида хабар берди. Бу вақтда Санкт-Петербургдаги «Пулково», Москвадаги «Внуково», «Домодедово», «Жуковский», «Шереметево» аэропортлари ҳам ёпилганди.

Энг оғир вазият «Шереметево», «Пулково» ва «Чкалов» (Нижний Новгородда) аэропортларида юзага келди.

Россия темирйўллари ҳатто Москва ва Петербург орасида қўшимча поездларни йўлга чиқаришига тўғри келди.

Росавиация Москва вақти билан 5 июл куни кечқурундан 7 июл тонгига қадар Россия авиакомпаниялари 485 рейсни бекор қилгани, 88 та самолёт захира аэродромларига йўналтирилгани, 1,9 минг рейснинг учиб кетиш ва учиб келиш вақтлари кечиктирилгани, 43 мингта чипта мажбуран қайтарилгани ҳақида маълум қилган.

Бундан ташқари, парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар туфайли 94 минг киши меҳмонхоналарга жойлаштирилган, кечиктирилган рейсларнинг йўловчиларига ичимликлар учун қарийб 200 минг, озиқ-овқат учун 155 минг ваучер берилган.

Ярим миллиард доллар

Россия аэропортларидаги инқироз компанияларга камида 40 миллиард рублга тушди. Бу рақамни «Коммерсант» газетаси авиация экспертлари ёрдамида аниқлаган.

Газета ҳисоб-китобларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб жадвалларда акс этадиган бундай коллапсда бир кунда авиакомпанияларнинг қўшимча харажатлари (бекор қилиш, кўчириш, бортни захира аэродромга кўчириш ва бошқалар) ўртача 20 миллиард рублга етиши мумкин. Шунга кўра, бу икки кундан кўпроқ вақт ичида – камида 40 миллиард рубл ёки тахминан 507 миллион доллар деганидир.

Лекин бу тахминий рақамлар. Шу билан бирга, бу рақамлар йўловчиларнинг қўшимча харажатлари ва уларга кўрсатиладиган бошқа хизматлар, шунингдек, турли ҳарбий ва фуқаролик хизматларининг бошқа харажатларини ўз ичига олмаган.