Америка Қўшма Штатларидаги аэропортларда хавфсизлик текшируви вақтида йўловчилар энди пойабзалларини ечишга мажбур бўлмайди — бу талаб деярли йигирма йилдан сўнг бекор қилинди.
АҚШ Ички хавфсизлик котиби Кристи Ноэмнинг айтишича, Транспорт хавфсизлиги бошқармаси (TSA) ушбу хавфсизлик талабини «дарҳол кучга кирадиган тарзда» бекор қилмоқда.
«TSA энди йўловчилардан хавфсизлик текширув пунктларидан ўтаётганда оёқ кийимларини ечишни талаб қилмайди. Ушбу ўзгариш текширув пунктларида йўловчилар кутиш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва умумий саёҳатни янада ёқимли ҳамда самарали қилади, деб кутмоқдамиз. Аммо бу билан бирга хавфсизлик стандартларини сақлаб қолишимиз ва одамларни ҳимоя қилишимиз шарт.
Бизнинг ёндашувимизнинг калити — бу бир неча босқичли хавфсизлик. Йўловчилар ҳали ҳам бир неча даражадаги текширувлардан ўтишади. Улар шунингдек, шахсни тасдиқлаш босқичини ҳам босиб ўтишади», деган Ноэм.
CNN нашрининг ёзишича, мазкур қоиданинг бекор қилиниши Жо Байден маъмурияти даврида кўриб чиқилган эди. Бироқ Ноэм бу ташаббусни президент Доналд Трамп берганини алоҳида таъкидлади.
Ноэмнинг айтишича, TSA хавфсиз жорий этиш имконияти бўлса, бошқа хавфсизлик қоидаларини (камар, суюқлик каби) ҳам ўзгартиришни кўриб чиқмоқда.
Аэропортлардаги пойабзални ечиш талаби жорий қилинишига, Ричард Рейд номи билан танилган «пойабзал бомбачиси» сабаб бўлган. У 2001 йил декабрь ойида Париж–Майами рейсида пойабзали ичига яширилган портловчи моддани гугурт билан ёқишга уринган эди. TSA томонидан йўловчиларнинг пойабзалини ечиш талаби эса 2006 йил август ойида «давом этаётган хавф» ҳақидаги разведка маълумотларига асосланиб жорий этилган. Мақсад йўловчиларнинг пойабзалини сканерлаш орқали портловчи моддаларни аниқлаш ва самолёт хавфсизлигини таъминлаш бўлган.
«Ўша сиёсат кучга кирганидан бери ўтган 20 йилда хавфсизлик технологиямиз сезиларли даражада ривожланди. TSA ўзгарди. Янги сканерлар ва айрим ҳудудларда кўпроқ офицерлар ишга туширилди», дейди АҚШ ички хавфсизлик котиби.
















