Жаҳон | 13:05 / 09.07.2025
2011
2 дақиқада ўқилади

Франция разведкаси: Эроннинг ядровий дастури «узоқ вақтга» кечиктирилди

АҚШ ва Исроилнинг зарбалари Эроннинг ядровий дастурини бир неча ойга кечиктириши мумкин. Бойитилган ураннинг бир қисми ҳамон Эронда.

Фото: Maxar Technologies/AP

Исроил ва АҚШнинг Эрондаги объектларга зарбалари натижасида ядровий дастурни ишлаб чиқиш камида бир неча ойга кечиктирилди. Бу ҳақда 8 июл, сешанба куни LCI телеканалига берган интервюсида Франция ташқи разведка бош бошқармаси раҳбари Николя Лернер айтиб ўтди.

Франция разведкаси маълумотларига кўра, Исроил ва Америка зарбалари ядровий дастурнинг бир қанча элементларига зарар етказган. «Биз ушбу элементларнинг ҳар бири жуда жиддий зарар кўрди, деб ҳисоблаймиз. Ядро дастури, биз билганимиздек, сезиларли даражада кечиктирилади, эҳтимол бир неча ойга», — таъкидлади Лернер. Унинг сўзларига кўра, Эроннинг бойитилган уран захираларининг бир қисми йўқ қилинган, бироқ бир қисми Теҳронда қолган.

Эрон уранни деярли ядровий қурол яратиш учун зарур бўлган даражада бойитган ягона ядро қуролига эга бўлмаган давлатдир. Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) ҳисоб-китобларига кўра, кейинги қайта ишлаш билан бойитилган ураннинг мавжуд захираси 10 та ядровий бомба яратиш учун етарли бўлади. «Бугунги кунда бизда унинг қаерда эканлиги ҳақида баъзи маълумотлар бор, аммо АЭХА ўз ишини давом эттирмагунча аниқ айта олмаймиз. Бу жуда муҳим. Бусиз биз захираларни кузата олмаймиз», — деди Николя Лернер.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён 2 июл куни АЭХА билан ҳамкорликни тўхтатувчи қонунни имзолади. Ташкилот раҳбари Рафаэл Гросси июн ойи охирида эронликлар бир неча каскад центрифугалар ёрдамида уранни «ойлар ичида» ёки ундан ҳам эртароқ қайта бойитишни бошлаши мумкинлигини айтди. Шу тариқа, у АҚШ президенти Доналд Трампнинг Американинг Эрон ядро иншоотларига ҳужумлари Теҳрон ядровий дастурини «ўнлаб йиллар» орқага сургани ҳақидаги баёнотини рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид