Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазо: оғир музокаралар давом этмоқда

Вашингтонда бўлиб турган Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу сўнгги икки кун давомида АҚШ президенти Доналд Трамп билан икки марта учрашди. Унда асосан Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш масаласи кўтарилган. Сешанба оқшомида ўтказилган учрашув режадан ташқари бўлган ҳамда унга ОАВ вакиллари киритилмаган. Учрашув тафсилотлари ҳақида «жуда кам маълумот» чиққани эса сулҳ бўйича қандайдир тўсиқ юзага келганига ишора бўлиши мумкин.

Бу орада Доҳада сулҳ бўйича музокаралар давом этаётганига қарамай, Исроил Ғазо ҳудудини бомбардимон қилишни ҳам давом эттирмоқда. Нетаняҳу журналистларга берган баёнотида Ғазодаги ҳарбий амалиёт якунланмаганини тан олган, аммо «музокарачилар сулҳ устида иш олиб бормоқда», деган.

Ҳамас расмийси Тоҳер ал-Ноно Reuters агентлигига берган изоҳида «оғир музокара босқичи» давом этаётганини айтди. Шунга қарамай, Ғазода сулҳ бўйича олиб борилаётган музокаралар доирасида Ҳамас 10 нафар гаровдагиларни озод қилишга рози бўлганини билдирди. Улар музокараларни «оғир»лигига сабаб қилиб Исроилнинг «муросасизлигини» кўрсатмоқда. Доҳада ўтказилган тўрт кунлик музокараларда учта асосий масала бўйича ҳеч қандай муҳим силжиш бўлмаган:

  • Ғазо секторига гуманитар ёрдам оқимини эркин таъминлаш;
  • Исроил кучларининг чекиниш чизиқлари;
  • Доимий сулҳга олиб борувчи кафолатлар.

Манбага кўра, Исроил Ғазо ҳудудининг учдан бир қисмини, хусусан, Рафаҳ ва Хон-Юнус шаҳарлари орасидаги Мораг йўлагини назоратда сақлаб қолишни талаб қилмоқда. Ёрдам масаласида эса Исроил АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ғазо Инсонпарварлик Фонди» тизимига амал қилишда қатъий туриб олган. Бу тизим БМТ ва инсонпарварлик ташкилотлари томонидан хавфсиз эмас деб баҳоланган ва камида 613 кишининг ўлимига сабаб бўлгани танқид қилинган.

ҲАМАС манбаси ҳал этилмаган муаммолар сонини учта деса, Трампнинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф бу сон ҳозирда тўрттадан биттагача қисқарганини айтиб, ҳафта охиригача вақтинчалик сулҳга эришиш борасида оптимист эканини билдирган.

Украинада хитойлик жосуслар ушланди

Киевда Украинанинг «Нептун» ракетасини ишлаб чиқаришга алоқадор махфий ҳужжатларни мамлакатдан олиб чиқиб кетишга уринган икки нафар хитойлик қўлга олинди.