Унда Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев Бухоро вилояти Жондор туманида маҳаллий аҳоли ва туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашув ўтказгани ҳақида ёзилган.
"Учрашув давомида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик маршрутлар яратиш ҳамда маҳаллий аҳолининг бу соҳадаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар ва таклифлар билан ўртоқлашди", – деб таъкидланган мақолада.
Маълум қилинишича, ташриф давомида Туризм қўмитаси раиси Жондор туманидаги Ушот қишлоғини "туризм қишлоғи"га айлантириш борасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишган.
"Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда туманнинг "Варахша" археологик ёдгорлиги, "Қизбиби" зиёратгоҳи, "Зарафшон" соҳилбўйи дам олиш маскани ва "Ушот туризм қишлоғи"ни ўз ичига олган "туристик ҳалқа" ва 1-2 кунлик туристик дастур ишлаб чиқишга келишиб олинди",– дея урғуланган материалда.
Шунингдек, нашрда, оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш истагида бўлган маҳаллий аҳолига зарур ёрдам кўрсатилаётгани ҳам қайд этилган.















