Жаҳон | 12:30 / 12.07.2025
2790
2 дақиқада ўқилади

Украинада Германия ҳисобидан узоқ масофали ракеталар ишлаб чиқарилади

Украина мудофаа саноати ва Украина Мудофаа вазирлиги вакиллари Киевда Германия ҳисобидан узоқ масофага учувчи ракеталар ишлаб чиқариш бўйича келишувни имзолади, деди Бундесвер генерал-майори Кристиан Фройдинг.

Кристиан Фройдинг Фото: Kay Nietfeld/dpa/picture alliance

Киевда Германия ҳисобидан Украинада бир неча юзлаб узоқ масофали ракета ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда 11 июл, жума куни ZDF нашрига берган интервюсида Бундесвер генерал-майори Кристиан Фройдинг маълум қилди. У Украина қуролли кучларига ҳарбий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи Германия Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Украина бўйича вазият марказини бошқаради.

Фройдинг ZDF телеканалида Киевдан видео-алоқа орқали чиқиш қилди. Унинг сўзларига кўра, 11 июл куни у ерда Украина мудофаа саноати вакиллари ва Украина Мудофаа вазирлиги ўртасида келишув имзоланган. Германия шартнома доирасида ишлаб чиқаришни молиялаштиради.

Генералнинг сўзларига кўра, узоқ масофага учувчи биринчи ракеталар июл ойи охиригача Украина Қуролли кучларига етказилиши керак. «Кейин катта уч хонали рақам ҳақида сўз юритилиши мумкин», деди Фройдинг ракеталар сони ҳақида. Унинг таъкидлашича, бу «яқин ҳафталар ва ойларда Украинанинг имкониятларини сезиларли даражада кучайтиради».

«Бизга Россия ҳудудига чуқур кириб борадиган ва омборлар, қўмондонлик пунктлари, аэродромлар ва самолётларга ҳужум қила оладиган қурол тизимлари керак», — дея қўшимча қилди ҳарбий.

Шу билан бирга, Украина Мудофаа вазирлиги ҳам, Украинанинг бошқа расмийлари ҳам 11 июл куни ҳужжат имзолангани ҳақида хабар бермади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид