Таомни керагидан кўп истеъмол қилиш фақат очлик ҳисси ёки “иштаҳанинг карнайлиги”га боғлиқ эмас, муаммонинг илдизи нотўғри вақтда овқатланиш ва носоғлом егуликлар тановулига бориб тақалади. Баъзан инсон мияси чанқоқ ва очлик сигналини адаштириб қўяди. Натижада танага сув керак бўлган пайтда ҳам биз овқат ейишга киришамиз. Бу ортиқча калория истеъмоли вақт ўтиши билан вазн ортишига олиб келади. Хўш, тананинг ҳақиқий эҳтиёжи нимада эканини қандай аниқлаш мумкин? Тўйганлик ҳиссини сезиш, тановулда меъёрни сақлаш учун қайси усуллардан фойдаланиш керак? Ушбу мақолада айнан шулар ҳақида сўз юритилади.

Меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш семизликка сабаб бўлувчи, жаҳон миқёсида энг кенг тарқалган саломатлик муаммоларидан бири ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, дунё бўйича 650 миллион катталар, 340 миллион ўсмирлар ва 39 миллион болалар (2022) ортиқча вазндан азият чекади. Юқори калорияли, ёғ ва шакар миқдори кўп маҳсулотларни ортиқча истемол қилиш семизлик, юрак-қон томир, жигар касалликлари, диабет, саратоннинг баъзи турлари ва ҳатто руҳий ҳолат бузилишларини ҳам юзага келтиради.

Одатда, одамлар доим “нормал” овқатланяпман деб ўйлайди, негаки таом, оралиқ егулик, ширинликлар тановулидаги меъёр бузилиши кўп ҳолларда сезилмайди ва бу ҳолат секин-аста соғлиқни емиради.

Кўп ейишга эҳтиёж қаердан пайдо бўлади?

Нормадан ошиқ овқатланиш стресс, чарчоқ ёки эмоционал тушкунликни енгиллаштириш воситаси саналади. Айниқса, кундалик ҳаётда доимий босим остида яшайдиган одамлар учун егулик “вақтинчалик таскин” манбаига айланган.

Стресс пайтида инсон танасида кортизол гормони ажралиб чиқади. Бу модда иштаҳани очади, айниқса, шакар ва ёғга бой овқатларга бўлган эҳтиёжни кучайтиради. Натижада одам “эмоционал очлик”ни ҳис этади ва эҳтиёжи бўлмаган вақтларда ҳам овқат истеъмол қилади.