Нефт жаҳон иқтисодиёти учун муҳим стратегик ресурслардан бири бўлиб қолмоқда. Дунёдаги нефтга бўлган талабнинг катта қисми саноқли давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Jagran Josh томонидан АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси (EIA) статистикаси асосида тўпланган маълумотларга кўра, 2025 йилда АҚШ дунёда энг кўп нефт истеъмол қилган давлат бўлган.
Мамлакатда кунлик нефт истеъмоли 20,01 миллион баррелни ташкил этган. Йиллик ҳисобда бу қарийб 7,3 миллиард баррелга тенг.
Иккинчи ўринни Хитой эгаллаган. Мамлакатда кунига 15,15 миллион баррел ёки бир йилда тахминан 5,53 миллиард баррел нефт истеъмол қилинган.
Рейтингда учинчи ўринда Ҳиндистон қайд этилган — мамлакатнинг кунлик нефт истеъмоли 5,05 миллион баррелни ташкил қилган.
Кейинги ўринлар қуйидагича:
— АҚШ — кунига 20,01 миллион баррел;
— Хитой — 15,15 миллион баррел;
— Ҳиндистон — 5,05 миллион баррел;
— Россия — 3,68 миллион баррел;
— Саудия Арабистони — 3,65 миллион баррел;
— Япония — 3,38 миллион баррел;
— Бразилия — 3,03 миллион баррел;
— Жанубий Корея — 2,55 миллион баррел;
— Канада — 2,41 миллион баррел;
— Германия — 2,18 миллион баррел.
Ушбу ўнта мамлакат биргаликда кунига қарийб 61 миллион баррел нефт истеъмол қилади. Бу жаҳондаги умумий нефт истеъмолининг тахминан 61 фоизига тенг.
Хитойда нефт истеъмоли кескин ошган
Дунёда хом нефтнинг энг йирик импортчиси ҳисобланган Хитойда сўнгги ўн йилликларда нефт истеъмоли бир неча баробар кўпайган.
1990 йилда мамлакат кунига қарийб 2,3 миллион баррел нефт истеъмол қилган бўлса, 2023 йилга келиб бу кўрсаткич тахминан 16,2 миллион баррелга етган.
Бундай ўсиш Хитой иқтисодиётининг жадал ривожланиши, саноат ишлаб чиқаришининг кенгайиши, транспорт соҳасидаги талаб ва мамлакатнинг умумий энергетика эҳтиёжлари ортиши билан боғлиқ.
Ҳиндистон нефт импортига юқори даражада боғлиқ
Учинчи ўриндаги Ҳиндистонда ҳам нефтга талаб сўнгги ўн йилликларда сезиларли ошган.
1990 йилда мамлакат кунига атиги 1,2 миллион баррел нефт истеъмол қилган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 5,05 миллион баррелга етган.
Ҳиндистон иқтисодиётининг тез суръатларда ўсиши энергия ресурсларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Шу билан бирга, мамлакат нефт импортига юқори даражада қарам бўлиб қолмоқда.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистон эҳтиёжлари учун зарур бўлган хом нефтнинг 85 фоиздан ортиғи хориждан импорт қилинади. Бу эса мамлакатни геосиёсий инқирозлар ва жаҳон бозорида нефт нархларининг кескин ўзгаришига нисбатан сезгир қилади.
Осиё давлатларининг улуши ортиб бормоқда
АҚШ ҳозирча нефт истеъмоли бўйича дунёда етакчилик қилаётган бўлса-да, Осиё мамлакатларида энергияга бўлган талаб тез суръатларда ўсмоқда.
Айниқса, Хитой ва Ҳиндистоннинг иқтисодий ўсиши келгусида жаҳон нефт бозоридаги талаб таркибига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ғарб мамлакатларида эса қайта тикланувчи ва нисбатан экологик тоза энергия манбаларига ўтиш жараёни давом этмоқда.
Шу сабабли келажакда жаҳон нефт бозоридаги вазият йирик истеъмолчиларнинг иқтисодий ўсишни энергетик трансформация билан қай даражада уйғунлаштира олишига ҳам боғлиқ бўлади.
АҚШ, Хитой ва Ҳиндистоннинг энергетика соҳасида қабул қиладиган қарорлари жаҳон нефт нархлари, халқаро савдо ва глобал иқлим мақсадларига ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Дунёда энг кўп нефт истеъмол қиладиган давлатлар маълум бўлди
09:148024 мин
АҚШ 2025 йилда кунига 20 миллион баррелдан ортиқ нефт истеъмол қилиб, дунёда биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринларда Хитой ва Ҳиндистон қайд этилган. Энг йирик ўнта истеъмолчи давлат ҳиссасига жаҳондаги нефт истеъмолининг қарийб 61 фоизи тўғри келади.











