Қозоғистонда ўта хавфли касаллик – куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинган. Қирғизистон россияликларга фуқаролик беришни тўхтатди. Халқаро жиноий суд “ Толибон” етакчисини ҳибсга олишга ордер берди. Тожикистонга Қирғизистон президенти давлат ташрифи билан келиб, 13 та ҳужжатга қўл қўйиб кетди. Туркманистон ҳукумати 1 августдан эътиборан таътилга чиқиб, «Аваза»да дам олади. Қозоғистонда учувчиларнинг кўзига лазер туширганлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Қозоғистонда куйдирги тарқалди

Қозоғистонда ўта хавфли бўлган касаллик – куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинган. Оғир юқумли касаллик одамларга касалланган ҳайвон, унинг гўшти ёки ахлати билан алоқада бўлиш орқали юқади. Маҳаллий нашр – “Tengrinews”га кўра, Қозоғистоннинг Оқмўла вилояти Отбосар туманидаги икки қишлоқ куйдирги касаллиги сабаб карантинга олинган.

Июн ойи охирида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Отбосар туманида 4 киши куйдирги касаллигига чалингани ҳақида хабар берган эди. Беморларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланган. Вазир уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини айтди. Эпидемияга қарши чоралар кўрилди. Шу билан бирга, Алназарова вилоятда карантин жорий этилмаслигини айтганди.

8 июл куни маълум бўлишича, Отбосарда карантин жорий этилган. Чеклов чоралари дастлаб куйдирги касаллиги аниқланган қишлоқларда жорий этилган. У ерда 19 кишида инфекция аниқланган, бир кишининг аҳволи оғир.

«У ерга чорва ва одамлар кирмаслиги керак. Биз ҳудудни ўраб олдик, тўсиқ қўйдик. Республика отряди дезинфекция, қайта ишлаш ва утилизация қилишни бошлади. Лаборатория натижаларини олишимиз билан 1 июлдан дарҳол карантин жорий қилдик. У ерда 19 бемор бор. Улар кузатув остида, ҳаммаси тузалиб кетмоқда, соғлиқни сақлаш тизими уларни кузатиб бормоқда», деди қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров ҳукумат брифингида.

Унинг сўзларига кўра, қишлоқларда карантин 15 кун давом этади. Шундан сўнг, синов учун янги намуналар олинади. Агар куйдирги борлиги тасдиқланмаса, карантин чоралари бекор қилинади.

Кейинроқ вазирлик Айдарбек Сапаров хато гапирганига аниқлик киритди. Матбуот хизмати маълумотларига кўра, 19 кишидан таҳлиллар олинган: еттита ҳолатда куйдирги касаллиги аниқланган, қолган 12 нафарида салбий натижа қайд этилган.

Куйдирги – оғир юқумли касаллик. Бу бактериялар одатда тупроқда яшайди ва ҳайвонларга таъсир қилади - ҳам уй, ҳам ёввойиларига. Одамларда касаллик ҳайвон ёки унинг ахлати билан алоқада бўлиш, яхши пиширилмаган гўштни истеъмол қилиш орқали учта шаклда пайдо бўлиши мумкин: тери, ошқозон-ичак ва ўпкада. Касаллик одамдан одамга юқмайди. Касалликдан ҳимояланиш учун гўштни фақат ишончли жойларда, ветеринария назорати остидаги дўконлар ва бозорлардан сотиб олиш тавсия қилинади.