Бугун янги форматда илк бор ташкил қилинган ва бир ойдан бери давом этиб келган турнир ўз якунига етади. Мусобақа финалида «ПСЖ» ва «Челси» тўқнаш келади.
Ғолиблар
Бу сафар бироз кенгроқ форматда ташкил қилинаётган бўлса-да, клублар бўйича жаҳон чемпиони деган ном аср бошларигача етиб боради ва анъанавий равишда 1960 йилдан буён Токиода ташкил этиб келинган қитъалараро кубок ўрнига пайдо бўлган. Аввалига фақат Либертадорес ва ЕЧЛ ғолиби ўртасида битта учрашув ўтказиш билан кифояланишган бўлса, кейин бошқа қитъалар вакиллари ҳам қўшила бошлайди.
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида энг кўп «Реал» ғалаба қозонган – 5 марта. «Челси» ҳисобида ҳам ушбу турнир ғолиблиги бор – 2021 йилда лондонликлар «Палмейрас» устидан 2:1 ҳисобида устун келишганди. Умуман олганда, охирги 11 турнирда, жумладан бу сафар ҳам шундай бўлади, бош соврин Европа клубига насиб қилиб келмоқда. Қизиғи, бошқа қитъа вакили ғалаба қозонган охирги финал 2012 йилда бўлганди ва айнан «Челси» «Коринтианс»га имкониятни бой берган.
Агар бугун «ПСЖ» ғолиб чиқадиган бўлса, клублар ўртасида жаҳон чемпионига айланган илк француз жамоасига айланади. Нафақат 2000 йилдан кейин пайдо бўлган турнир, умуман, 1960 йилдан бошланган қитъалараро кубок тарихини қўшадиган бўлсак ҳам, Франция клубларида ғолиблик йўқ. Эътиборли томони, 1993 йилда Марселнинг «Олимпик» жамоаси Чемпионлар Лигасини ютган бўлса-да, жаҳон чемпиони бўлиш насиб этмаган – молиявий қинғирликлар туфайли клуб дисквалификацияга учраган эди. Демак, Энрике шогирдлари тарихий воқеа бўсағасида туришибди.
Англиядан эса икки марта «Манчестер Юнайтед», шунингдек, бир мартадан «Манчестер Сити», «Ливерпул» ва юқорида айтилганидек «Челси» дунёнинг энг кучли жамоаси сифатида қайд этилиб, ушбу соврин эгасига айланган.
«ПСЖ» – яққол фаворит
Бемалол айтиш мумкинки, финал олдидан деярли ҳамма «ПСЖ»ни яққол фаворит сифатида эътироф этмоқда. Парижликлар бу мавсум ўзи қатнашган барча мусобақаларда ғолиб чиқмоқда, йўлидан чиққан барча топ-клубларни мағлуб этмоқда.
«Челси» эса ушбу турнирда тўрт йил олдинги ЕЧЛ ғолиблиги эвазига иштирок этаётгани, шунингдек, плей-офф сеткасида нисбатан осонроқ рақибларга дуч келгани гўёки финалнинг тасодифий иштирокчиси деб баҳоланишга ҳам асослар яратиши мумкин, аммо лондонликлар айнан мана шундай позицияда натижа кўрсата олишини ҳам яхши биламиз. Сўнгги 10-12 йилда «Челси» анча беқарор натижаларни қайд этиб, жуда кўп мураббийлар алмашган бўлса-да, айниқса халқаро майдонда жамоа Англиянинг энг муваффақиятли клуби ҳисобланади. «Челси» мана шу давр мобайнида икки марта Чемпионлар Лигасини, икки марта Европа Лигасини ютди, ҳатто яқинда ташкил этилган Конференциялар Лигасини ҳам ютишга улгурди.









