Агар сиз футболчи бўлмасангиз, футбол учрашувини томоша қилишдан завқ олсангиз – клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати айни муддао. Ахир Чемпионлар Лигаси финали ўтказилиб, миллий жамоа танаффусга кузатилган вақт эсингиздами? Анча бўлиб кетди, тўғрими? Ана ўша кундан бошлаб то кечаги оқшомгача биз яна футбол томоша қилдик.

Аллақачон футболни соғинган, севимли клубларимизнинг машғулотларини бўлса ҳам томоша қилиш учун видеоларни қидириб юришимиз керак бўлган пайтда кечаги финални муҳокама қиляпмиз. Янги эмоцияларни ҳис қилдик, «ПСЖ»ни ҳам енгиш мумкинлигини кўрдик, Саудия Арабистони футболи бемалол Европа билан рақобат қила олишини кузатдик, «Челси» ва «Манчестер Сити»нинг янги юлдузларига жиддий рақобат остида баҳо бердик.

Яна тунни бедор ўтказдик, ухлаб қолган бўлсак, эрталаб туриб, тунги ўйинлар натижасини, голларни кўриш имкониятига эга бўлдик. Хуллас, ҳар қанча салбий фикрлар, танқидлар бўлмасин, футбол мухлиси учун футбол томоша қилиш ҳар қанақасига энг севимли машғулот эканини инобатга олсак, бу турнир ҳам бизга ўша онларни тақдим этди.  

Шундай бўлса-да, янги турнир, янги форматда, футбол учун бироз бегона бўлган мамлакатда бўлиб ўтди ва табиийки, футбол оммаси турли жиҳатларни таҳлил қилиши, шу пайтгача ўзи ўрганиб қолган ўлчовлар қолипига бу мусобақани ҳам солиб кўриши табиий. Айниқса, келаси йили айни шу вақтда миллий жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати айнан шу стадионларда, шу шартларда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, бундай фикрлар доим қизиқ ва ўринли бўлади. Қуйида кеча якунига етган турнир ҳақидаги баъзи хулосаларни тақдим этамиз.

Об-ҳаво ноқулайлиги, кечиктирилган учрашувлар

«Пачука» – «РБ Залцбург» ўйини вақтида осмонни қора булут қоплади
Фото: Marcio Machado/Getty Images

Энг аввало, ноқулай об-ҳаво туфайли баъзи ўйинлар ўз вақтида бошланмагани ва ҳатто баъзи учрашувларда катта танаффуслар юзага келганини айтиш мумкин. Масалан, «Бенфика»нинг «Окленд»га қарши ўйинида мухлислар иккинчи бўлим бошланишини нақ 130 дақиқа кутишга мажбур бўлишди.

«Бу футбол эмас, майнавозчилик. АҚШ йирик мусобақаларни ўтказишга мос жой эмас», – деб кескин фикр билдирганди худди шу «Бенфика»га қарши ўйин охирларида танаффус юзага келганида «Челси» бош мураббийи Энцо Мареска.

Сабаби, деярли барча ўйинлар мамлакатнинг шарқий қисмида бўлиб ўтди ва бу ҳудудларда айниқса июн ойларида бўронлар кўп бўлади. Маълумотларга қараганда, сўнгги ўн йилда чақмоқ уриши оқибати вафот этганларнинг 75 фоизи айнан июн-август ойларига тўғри келар экан. Хавфсизлик протоколида қатъий ёзиб қўйилган: агар чақмоқ стадиондан 16 км радиусда содир бўлса, автоматик равишда ўйин тўхтатилиши керак. Бу ҳақида стадион директорига хабар берилади, у эса ҳакамга бу ҳақида билдиради. Келаси йилги мундиалда ҳам шундай воқеалардан бўлишидан қутулиб бўлмайди.