УЕФА ФИФА президенти Жанни Инфантинога қарши Швейцария судига жиноий даъво киритиш ниятида. Бу ҳақда 27 август куни халқаро ОАВ хабар берди.

Германиянинг SID спорт ахборот агентлиги қўлга киритган 60 саҳифалик ҳужжатга кўра, даъво ФИФА томонидан рад этилган режа билан боғлиқ. Унда футбол турнирларининг, жумладан жаҳон чемпионатларининг айрим тижорий ҳуқуқларини хусусий инвесторларга бериш кўзда тутилган.

SID маълумотига кўра, УЕФА ва бошқа манфаатдор томонлар Инфантино, эҳтимол, ФИФАнинг бошқа функционерлари ва маслаҳатчиларига нисбатан ҳам Швейцария Жиноят кодексининг 158-моддаси доирасида даъво киритишга тайёрланмоқда. Ушбу модда ишонч билдирилган мол-мулк ёки манфаатларни бошқаришдаги жиноий суиистеъмол ҳолатларига тааллуқли.

Агар Инфантино ФИФА манфаатларига қасддан зарар етказиш мақсадида ҳаракат қилгани исботланса, у 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

УЕФА АҚШ судларига ҳам мурожаат қилиб, иш учун зарур ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Улар орасида ФИФА ва Инфантино режасида асосий инвестор сифатида кўрсатилган Thrive Capital инвестиция компаниясига оид материаллар ҳам бор.

УЕФА мазкур ҳужжатлардан кейинчалик Швейцарияда эҳтимолий жиноий иш бўйича далил сифатида фойдаланишни режалаштирмоқда.

«Коммерсант» маълумотига кўра, Thrive Capital компанияси Жошуа Кушнерга тегишли. У АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг укаси ҳисобланади.

Даъво ташаббускорларининг фикрича, ФИФАнинг халқаро турнирларга оид тижорий ҳуқуқларининг бир қисмини сотиш режаси Инфантино ва чекланган доирадаги бошқа шахсларга ташкилотнинг энг қимматли активларидан узоқ муддат давомида манфаат кўриш имконини бериши мумкин эди. Улар бундай схема ФИФА, унинг аъзолари ва футбол тизимидаги бошқа иштирокчилар манфаатларига зарар етказиши мумкинлигини таъкидламоқда.

SID ёзишича, кейинчалик ФИФА УЕФАга бундай схемалар бошқа таклиф қилинмаслиги ҳақида ёзма кафолат берган.

Шундан сўнг, 27 август куни УЕФА Европа жамоалари томонидан аввалроқ эълон қилинган ФИФА турнирларини келгуси мавсумда бойкот қилиш режасидан воз кечган.