АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинган Европа ҳисобидан Украинага қўшимча қурол-яроғ етказиб бериш режаси фақат доиравий бўлиб, батафсил эмас, ким ва қандай қилиб Киевга қурол-яроғ етказиб бериши ҳали ҳам ноаниқ, деб ёзади Reuters манбаларга таяниб.

Украинани қўллаб-қувватлаш ҳақиқатда қанчалик муҳим бўлиши ва ким ва қандай техникани тақдим этиши иттифоқчилар ўртасидаги бўлажак музокараларга боғлиқ бўлади. «Ҳар доимгидек, бундай ҳолатларда иблис деталларда яширинган», – дейди Шимолий Европа давлатларидан бирининг АҚШдаги элчиси агентликка.

Душанба куни НАТО бош котиби Марк Рютте Трамп билан бирга қурол етказиб беришни эълон қиларкан, қурол сотиб олишда иштирок этишга тайёр бўлган олтита давлат – Финландия, Дания, Швеция, Норвегия, Нидерландия ва Канада номларини тилга олди. Шу билан бирга, ушбу икки давлатнинг АҚШдаги элчихоналаридаги юқори мартабали манбалар Reuters агентлигига бу режа ҳақида бевосита эълон пайтида хабар топишганини айтишган. «Гумонимча, маъмурият бу амалда нимани англатишини эндигина англай бошлади», – деди агентликнинг яна бир манбаси.

Асосий масала, деб ёзади Reuters, Украинага Россия ракеталаридан ҳимояланиш учун жуда зарур бўлган Patriot батареяларини ким ва қачон етказиб беришида. Агентлик суҳбатдошларидан бири Германия, Греция, Нидерландия ва Испанияни батареяларни жўнатиш учун «яхши номзодлар» деб атади – уларнинг ҳар бирида бир нечта батарея бор ва бу мамлакатлар ҳозирда ҳеч қандай таҳдидларга дуч келмаяпти. Шу билан бирга, Греция ва Испания аввал ҳам ўз батареяларининг бир қисмини Украинага топширишдан бош тортганди.

Ҳозирда Трамп маъмурияти НАТО захираларини инвентаризация қилиб, амалда қандай қуроллар борлигини аниқламоқда. Шундан сўнг, Оқ уй иттифоқчиларни қандайдир «айирбошлаш» эвазига – масалан, НАТО доирасида ўз захираларини эртароқ тўлдириш эвазига Украинага баъзи қуролларни бепул беришга кўндиришга ҳаракат қилади.

Трамп Рютте билан учрашувда 17 та Patriot тизимини жўнатишга тайёрлигини, баъзилари эса яқин кунларда Украинага етиб боришини айтганди, бироқ, Reuters ёзишича, у қурилмаларнинг ўзини эмас, балки улар учун ракеталарни назарда тутган бўлиши мумкин: кейинроқ Германия мудофаа вазири Борис Писториус бирорта янги Patriot тизими Киевга яқин бир неча ой ичида етиб боришининг имкони йўқлигини айтди.

Трамп иттифоқчилари билан яширин музокараларни давом эттирмоқда, аммо ҳозирча улар «суст» давом этмоқда, дея хулоса қилди Reuters манбаларидан бири: «Ҳозир ҳамма „Биз ёрдам бера оламиз“ демоқда. Бу айнан нимани англатишини эса билмаймиз».

Кремл Украина иттифоқчиларини уни музокараларни давом эттиришга ундашга чақирмоқда