Ижтимоий тармоқларда блогер Гулзода Абдуллаева (Чеченка) ёш болаларни ўзаро уриштираётгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан ўрганилди.

Маълум қилинишича, Болалар омбудсмани ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 14 июл куни ИИВга тегишли сўров юборган. 

Яккасарой тумани ИИБ томонидан аниқланишича, Гулзода Абдуллаева 13 июл куни Тошкент вилоятида оилавий дам олиш вақтида кичик ёшдаги ўғли ва жиянини гўёки ҳазиллашиб уриштирган. Бу ҳолат тасвирланган видеони эса Instagram’даги ўз саҳифасига жойлаштирган.

Блогер 15 июл куни бола манфаатига зид ҳаракатлари учун МЖтКнинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятини бажармаслик) билан жавобгарликка тортилган. Ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Болалар омбудсмани боланинг тарбияси учун биринчи навбатда ота-она масъул эканини, фарзанди учун шахсий намуна бўлиш ўрнига болани агрессив хулқ ва шафқатсизликка чорлайдиган ота-оналарнинг ўзи тарбияга муҳтожлигини билдирган.