Эрталаб бир финжон қаҳва ёки чой ичиб, кўп одамлар нонуштани ўтказиб юборади. Кимдир вақтни тежаш, бошқа биров эса вазн йўқотиш мақсадида тонгдан тушликка қадар ҳеч нарса истеъмол қилмайди. Илмий тадқиқотлар бундай одат организмнинг энг муҳим тизимлари, хусусан, мия фаолияти, юрак соғлиғига зарар етказиши, моддалар алмашинувини издан чиқариши, ақлий фаолиятни сусайтириши ва сурункали касалликлар хавфини ошириши мумкинлигини кўрсатмоқда. Ушбу мақолада нонуштанинг саломатлик учун нима сабабдан жуда муҳим экани, уни вақтида истеъмол қилмаслик ортиқча вазн ва турли касалликларни пайдо қилиши ҳақидаги фактлар билан танишишингиз мумкин.

Глюкоза танқислиги

Уйқу вақтида (одатда, 8-10 соат давомида) одам овқат емайди. Бу даврда танада гликоген захиралари камаяди, қон таркибидаги глюкоза даражаси пасаяди. Уйғонганда инсон мияси, мушаклари ва ички аъзолари кун давомида самарали ишлаши учун қувватга эҳтиёж сезади. Нонушта эса бу энергияни тезда етказиб берувчи восита ҳисобланади: у тунда давом этган очликдан кейин организмни глюкоза, витамин ва минераллар билан таъминлайди.

Инсон мияси тана вазнининг бор-йўғи 2 фоизини ташкил этса-да, организм энергиясининг тахминан 20 фоизгача бўлган қисмини сарфлайди. Танадаги энергия манбаи эса глюкоза, яъни шакар ҳисобланади. Нонушта қилинмаса тун давомида камайган глюкоза даражаси тикланмайди, бу миянинг ишлашига салбий таъсир кўрсатади. Натижада диққатни жамлаш қийинлашади, фикрлаш секинлашади, хотира заифлашади, асабийлик ва безовталик кучаяди.

Вазн ортиши

Кун аввалида нонушта қилинмаганда организм “тежаш режими”га ўтади. Ҳолат моддалар алмашинувини секинлаштириб, ёғ тўпланиши ва семиришга сабаб бўлади. Тадқиқотларга кўра, нонуштани мунтазам истеъмол қилувчилар танасида ёғ миқдори оз тўпланади ва уларнинг ортиқча вазндан азият чекиш эҳтимоли камроқ.

Масалан, Ҳарвард университети олимлари томонидан 7 йил давомида 50 мингдан ортиқ инсон иштирокида ўтказилган изланишда нонуштани вақтида қиладиганлар тана вазни енгилроқ бўлиши, уларнинг тушлик ва кечки овқат истеъмолида меъёрни сақлай олиши аниқланган. Ушбу факт эрталаб танага фойдали моддалар билан энергияни етказиш орқали инсон организми кун давомида овқатга нисбатан мувозанатли муносабатда бўлиши мумкинлигини англатади.