Аномал иссиқ ҳаво Марказий Осиёга жиддий хавф солмоқда, яқин келажакда Остона ва Тошкентда иссиқдан ўлганлар сони йилига 10 мингдан 23 минггача кўпайиши мумкин. Ўзбекистон аҳолисининг руҳий саломатлиги жойида эмас, рейтингда давлат охирги ўринларда қолиб кетди. Қозоғистонда навбатда туришни истамаган бемор шифокорга ҳужум қилди. Қирғизистонда сувда чўкиб ўлаётганлар сони анча кўпайди. Тожикистоннинг Роғун ГЭСи 20 йил давомида Ўзбекистонга электр етказиб берадиган бўлди. Кобулда трансафғон коридори бўйича битим имзоланди.

Марказий Осиёда аномал иссиқ – ўлимни кўпайтирмоқда

Аномал иссиқ Марказий Осиёга жиддий хавф солмоқда. Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, минтақада ҳаво ҳарорати ортиб бориши инсонлар ҳаёти ва иқтисодиётга жиддий зарар етказади. Яқин келажакда иқлим ўзгариши ёмон оқибатлар яратишидан жиддий хавотирлар аллақачон мавжуд. Марказий Осиёнинг 70 та шаҳарлари қамраб олинган тадқиқотда келишича, иссиқлик муаммоси аввало кучаймоқда. 2023 йилда минтақада ҳаво ҳарорати кўтарилиши 87 мингдан ортиқ иш ўрни йўқолишига олиб келган. Шундан 22 мингдан ортиғи Ўзбекистонда, 18 мингга яқини Озарбойжонда қайд этилган.

2050 йилгача Европа ва Марказий Осиёдаги йирик шаҳарларда иссиқ кунлар сони уч баробаргача ошиши мумкин. Ҳарорат тўлқинлари қариялар, болалар ва кам таъминланган аҳоли учун катта хавф туғдиради. Бундай ҳолатларда тез тиббий ёрдам бўлимлари ва шифохоналарга юклама кескин ортади, сурункали касалликлар кўпаяди.

Ҳаддан ташқари иссиқ ҳарорат ишлаб чиқариш ускуналари, электр тармоқларига жиддий зарар етказади. Етказиб бериш занжирларига салбий таъсир қилади. Одамлар ва ишчилар фаолиятини секинлаштиради, яъни жисмоний ва ақлий самарадорлик пасаяди.

Шу билан бирга, иш соатлари камайиш эҳтимоли юқори бўлади. Айниқса, бу қурилиш, транспорт, туризм соҳаларида кўпроқ кузатилиши мумкин. Транспорт тизимлари ишдан чиқиши, қурғоқчилик, ёнғинлар хавфи, ҳаво сифати ёмонлашуви ва энергия таъминотида узилишлар кузатилади. 2090 йилга бориб Марказий Осиёнинг бир қанча йирик шаҳарлари, жумладан, Остона ва Тошкентда ҳавонинг иссиқлиги туфайли умумий ўлим йилига 10 мингдан 23 мингтагача етиши мумкин.

Европа ва Марказий Осиёда яшовчи аҳолининг 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Сўнгги 20 йилда ўн минглаб одамлар иссиқлик билан боғлиқ сабаблар туфайли ҳалок бўлган. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, иссиқлик оқибатида иқтисодий йўқотишлар 2050 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2,5 фоизигача етиши мумкин.

Минтақанинг тўққизта шаҳри, шу жумладан Туркманистоннинг Ашхободида иссиқлик сабаб йиллик иқтисодий йўқотишлар ЯИМнинг 2 фоизидан ошиш эҳтимоли катта.