Kun.uz Фарғонада ғўзага кундузи сепилаётган заҳарли дорилар асалариларнинг ёппасига нобуд бўлишига олиб келаётгани ҳақида ёзганидан кейин, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раддия беришга шошилган эди. Лекин ўтказилган лаборатория таҳлиллари вазирликнинг иддаолари хато экани, асаларичиларнинг норозилиги асосли эканини тасдиқлади.
Kun.uz водий вилоятларида ғўзага кучли кимёвий дориларнинг айни кундуз куни бетартиб сепилиши оқибатида асалариларнинг қирилиб кетгани, бунинг ортидан асаларичилар даромадсиз қолгани ҳақида мақола эълон қилганди.
Мақоланинг эртасига, 16 июл куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдириб, асалариларнинг кимёвий дорилар сабаб қирилиб кетаётганини рад этди.
“Тармоқларда айтилаётган “ғўзага кучли кимёвий дориларнинг айни кундуз куни бетартиб сепилаётгани асалариларнинг қирилиб кетишига сабаб бўляпти” деган ахборотлар илмий асоссиз ва амалий жиҳатдан тасдиқланмаган маълумот ҳисобланди. Боиси, қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган кимёвий воситалар мамлакат бўйича ягона тартиб ва регламентлар асосида тасдиқланган препаратлар рўйхатига асосан танланади ҳамда улардан фойдаланиш қоидалари бутун республика бўйлаб бир хил”, дейилади ҚХВ баёнотида.
Вазирлик муносабатида, шунингдек, асаларилар ўлими Фарғона вилоятининг маълум бир ҳудудидагина кузатилаётгани даъво қилинган. Лекин Kun.uz'га бундай ҳолат республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилаётгани ҳақида маълумотлар келиб тушмоқда.
19 июлда эса, ҚХВ ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ўз ўрганишлари юзасидан баёнот бериб, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида асалариларнинг оммавий нобуд бўлишига кимёвий перепаратларнинг таъсири бўлиши мумкинлигини тасдиқлади (бу ҳақда батафсилроқ мақола сўнгида яна тўхталамиз).

16 июл куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Муҳиддин Сайфиев бошчилигида ишчи гуруҳ Фарғонада асаларичилар билан учрашув ўтказди ва шу куни ўлган асаларилардан лаборатория учун намуналар олинди.











