Ассалому алайкум. Бугун 27 июл, якшанба. Ўтган ҳафта воқеаларга бой бўлди. Макрон Франция Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини айтди, Исроил Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги ерларини аннекция қилиш режасини эълон қилди, Россия ва Украина Туркияда навбатдаги ножиддий музокара ўтказди. Осиёда яна бир уруш бошланди, Алиевнинг баёнотлари сабаб Россиядаги уруш тарғиботчилари «Озарбойжон билан урушга тайёрланишга» чақирди. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Исроил Ғарбий соҳилни аннекция қилмоқчи

Ғазонинг кулини кўкка совурган Исроил энди Фаластинга тегишли Ғарбий соҳилга жиддий эътибор бермоқчи кўринади. Мамлакат парламенти Яҳудия, Самария ва Ўрдун дарёси водийси «Исроил давлатининг ажралмас қисми экани» ҳақида декларацияни маъқуллади. Бу халқаро ҳуқуққа кўра тўла ноқонуний декларацияда Фаластинга тегишли Ўрдуннинг Ғарбий соҳили ҳам Исроилники деб иддао қилинган. Ҳужжатда безбетларча шундай ёзилган: «Ғарбий соҳилдаги бу ҳудудлар яҳудийлар тарихий ватанининг ажралмас қисми ҳисобланади».

Кўп ўтмай Исроил Ғарбий соҳилда яна 22 та аҳоли пункти қуришини эълон қилди. Яъни, халқаро ҳуқуққа кўра Фаластинга тегишли ерларда янги Исроил аҳоли пунктлари пайдо бўлади. Ўзи бу ерларнининг катта қисмини Исроил аллақачон ҳарбий йўл билан босиб олиб, уйлар қуриб келади. Лекин Тел-Авив Ғарбий соҳилни ўзиники деб очиқ айтмасди.

Хуллас, Исроил Фаластиннинг қолган ерларини ҳам эгаллашга киришди. Ишонинг, Исроил бу иши билан янги урушга пойдевор қўйди. Бунақа безбетлик, «Бу ерларни бизга Худо берган», деган абсурд иддао билан бировнинг ерини эгаллаб олиш янги 7 октябрларга йўл очади холос. Бу гапларни эслаб қолинг.

Франция Фаластинни тан олади

Биласизми, ҳамма давлатлар ҳам Трампнинг Америкаси ёки Нетаняҳунинг Исроили каби мулоҳазасиз иш кўрмайди. Дунёда Францияга ўхшаган тузук давлатлар ҳам бор. Фаранглар лидери Макрон Яқин Шарқдаги бу охири йўқ урушни фақат икки миллат учун икки давлат қуриш орқалигина ҳал қилиш мумкинлигини айтди. Макронга кўра, Франция Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олади. Парижнинг бу борада расмий позицияси сентябрдаги БМТ бош ассамблеясида эълон қилинади.

Франция БМТ Хавфсизлик кенгаши беш доимий аъзосидан бири экани Фаластинга чинакам давлат тузиш учун умид беради. Шу тариқа Франция катта еттилик давлатлари ичида Фаластинни тан олган илк давлат бўлади. Бинямин Нетаняҳу Макроннинг бу баёнотини «террорчиликни рағбатлантирувчи ҳаракат» деб атади. АҚШ давлат котиби Рубиога кўра, Франция Фаластинни тан олиши Ҳамас тарғиботини кучайтираркан.