Украинадаги уруш тақдири дипломатик музокаралар орқали ҳал этиладими ёки фронтдаги жанглар ҳал қилувчи рол ўйнайдими? Трамп, Зеленский ва Путин ўртасидаги эҳтимолий учрашув ҳақида турли баёнотлар берилмоқда. Лекин учрашув бўлган тақдирда ҳам, у қанчалик самарали бўлади? “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритди.

Трамп, Зеленский ва Путин ўртасида бўлиши кутилаётган учрашув натижа бермаслиги ҳам мумкинми, агар шундай бўлса, ҳаммаси фронтда ҳал қилинадими?

Зокир Усмонов: Эҳтимолий учрашувдаги натижалар мамлакатлар қўлидаги муҳим таъсир қилиш воситаларига, “козир”ларга боғлиқ бўлади. Яқин ойларда мана шундай учрашув амалга ошиши эҳтимоли юқори, деб ўйлайман. Лекин Россиядаги тизимни ҳисобга олиш керак. Чунки урушдан чиқиш Россиядаги ҳокимият учун ҳалокатли якунланиши ҳам мумкин. Улар урушга чуқур кириб кетишди, қайтиб чиқиши имконсиз.

Агар шундай бўлмаганида, Москва аллақачон музокарага жиддий киришган бўларди. Олий даражада музокара бўлган тақдирда ҳам, Россия барибир урушни тўхтатмайди. Шахсий фикрим шуки, ҳаммаси жанг майдонида ҳал бўлади. Россиядаги тизим инерция билан кетаверади.

Аввало, урушни тўхтатиш истаги бўлган мамлакат уруш бошламасди. Масалан, Ҳитлер ҳам Иккинчи жаҳон урушида ўзининг ўлимигача, иттифоқчилар армияси Германия ҳудудига бостириб кирганда ҳам тўхтамаган.

Шерзод Зиёев: Доналд Трамп АҚШ ташқи сиёсатида ўзгаришлар қилаётгани урушни тўхтатиш йўлида ечимга олиб келади, деб ўйлайман. Бироқ АҚШ масалаларга кўпроқ геоиқтисодий жиҳатдан ёндашяпти. АҚШ ва Европа ўртасида Украина масаласидаги позициянинг чигаллашгани Россияга урушни давом эттиришга ёрдам берди.

Юқори даражада учрашувлар бўлиши эҳтимоли юқори, лекин Путин ва Зеленский учрашуви қийинроқ масала. Дастлаб Путин билан Трамп жонли учрашув ўтказиши мумкин.

Шуҳрат Расул: 24 июл куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан бундай учрашув эҳтимоли реалликка айланяпти, деб баёнот берди. Лекин 25 июл куни Путиннинг матбуот котиби Песков Украина ва Россия лидерлари учрашуви ҳақида гапиришимизга ҳали эрта деб айтяпти. Демак, бу ерда томонлар ўз мақсадлари йўлида ҳар хил баёнотлар беряпти дейишимиз мумкин.

Менинг фикримча, бундай учрашувнинг айнан август охири ёки сентябрида бўлиш эҳтимоли жуда паст. Сабаби томонларнинг позицияси бир-бирига диаметрал қарама-қарши. Москва ва Киев иккинчи раунд учрашувларида ўзларининг меморандумларини алмашган эди. Томонлар урушни айнан шу меморандумда ёзилгандек шартлар билан якунлашни хоҳлашини билдирган. Россиянинг асосий позицияси – ўзи ҳали назорат қилмаётган, лекин 2022 йил октябр ойида конституциясига киритиб қўйган ҳудудларни “Украина бизга топширсин” деяпти. Ундан ташқари, яна кўп нарсаларни сўраяпти.