Жаҳон | 07:20 / 31.07.2025
1500
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина хавфсизлик хизматини кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади

Украина президенти Владимир Зеленский томонидан имзоланган қонун СБУ ваколатларини кенгайтиради ва унинг ходимларини 10 000 кишига оширади.

Фото: Украина президенти офиси

Володимир Зеленский Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) ваколатларини кенгайтирувчи ва унинг ходимлари сонини оширадиган қонунни имзолади. Бу ҳақда Украина президенти ўзининг Telegram-каналида эълон қилинган видеомурожаатида маълум қилди.

«Бугун мен СБУни мустаҳкамловчи қонунни имзоладим, бу хизматга жанговар топшириқларни бажариш ва босқинчини йўқ қилиш, Украинани ҳимоя қилиш бўйича махсус операцияларни ўтказиш учун кўпроқ имкониятлар беради», — деди Зеленский. Хусусан, "Альфа" бўлинмаси деб ҳам аталадиган Махсус операциялар маркази (ЦСО) ходимлари сони кўпайтирилади. «Булар энг самарали жангчилардир», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Олий рада веб-сайтида эълон қилинган қонун лойиҳасида ҳарбий ҳолат даврида ЦСОда камида 10 минг киши ишлаши қайд этилган. Ҳаммаси бўлиб, тинчлик даврида СБУ ходимлари сони 37 минг кишини, «махсус даврда» эса 41 минг кишини ташкил қилади. Ҳарбий ҳолат бўйича у мамлакатнинг сафарбарлик режасига қараб белгиланади.

Қонунга илова қилинган қиёсий жадвалдан келиб чиқадики, умуман олганда СБУ ходимлари сони 10 мингга оширилади. Аввалги қонунга кўра, Украина махсус хизматида тинчлик даврида 27 минг, «махсус даврда» эса 31 минг киши ишлаган. Олдинги қонунда «Альфа» ЦСО ходимларининг сони белгиланмаган, аммо Олий раданинг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси котиби, СБУ полковниги Роман Костенконинг «Украинская правда» нашрига берган изоҳида маълум қилишича, ҳозирда у ерда бир неча минг киши хизмат қилмоқда ва қабул қилинган қонун ходимлар сонини «икки ёки ҳатто уч баравар» кўпайтиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид