Туризм | 09:47 / 02.08.2025
1743
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон фуқароларга виза расмийлаштириш жараёнини соддалаштиради

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раиси Афтаб ур-Реҳман Рана билан учрашув ўтказди.

Фото: Дунё

Мулоқот чоғида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, туризм саноати вакиллари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали соҳа ривожига ҳисса қўшиш юзасидан фикр алмашилди.

Таълим ва касбий тайёргарлик соҳасида, жумладан туризм йўналишидаги олий таълим муассасалари ўртасида манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро таълим грантлари ажратиш, талабалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ушбу тармоқни янада ривожлантириш, истиқболда икки мамлакат иқтисодиётида унинг улушини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Бундан ташқари, томонлар мутасадди вазирлик ва идоралар ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, икки мамлакат фуқароларига виза расмийлаштириш жараёнларини янада соддалаштириш, ушбу жараёнга замонавий халқаро стандартларининг жорий қилиш механизмларини мувофиқлаштириш борасидаги таклифларни кўриб чиқди.

Музокаралар натижасида август ойида Ўзбекистон ва Покистоннинг туризмга масъул ташкилотлари, туроператорлар уюшмалари ҳамда ишбилармон доиралар иштирокида онлайн туризм форумини ўтказиш, янги зиёрат туризми маршрутларини ишлаб чиқиш, икки мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи теледастурлар суратга олиш, соҳавий олий таълим муассасалари ўртасида англашув меморандумларини имзолашга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид