Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кунда устида сиёсат, «ядровий қиёмат-қойим» хавфи – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 3 август, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта воқеаларга бой бўлди. Путин Трампнинг ултиматумига жавоб берди, Медведев АҚШга «ядровий қиёмат-қойим» билан таҳдид қилди. Трамп бунга жавобан атом сувости кемаларини Россия яқинига юборди. Бир сўз билан айтганда, Россия ва АҚШ йўқ жойдан ядровий тўқнашув томон қадам ташлади. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Путин жавоб берди
Ҳафта боши унчалик воқеаларга бой бўлмаётганди, лекин ҳафта якунида Путин, Медведев, Лукашенко ва Трамп каби сиёсатчилар интригани ошириб беришди. Масалан, жума куни Владимир Путин Карелия оролидаги черковга дўсти Александр Лукашенкони чақириб, у ердаги поплар иштирокида диний амалларни бажарди. Путин ё Лукашенко ёки поплар бир кадрда кўриндими, билаверинг – Россия президенти қандайдир жиддий гап айтмоқчи. Одатда шунақа бўлган. Бу гал у ҳам Лукашенко билан учрашди, ҳам черковда шам ушлаган кўйи кўриниш берди.
Диний амаллар тугагач, Лукашенко ва Путин черков ҳовлисида сайр қилиб, ўриндиқ ҳолига келтирилган кундага ўтириб дам олишди. Ва шу пайт қўлига микрофон кўтарган журналистлар гуруҳи пайдо бўлди. Улар Путиндан «Товариш главнокомандуюший, Америка деган давлат президенти Трамп сизга муддат беришга жазм қилди, унга қандай жавоб берасиз?» дейишди.
Путин хотиржамлигини табассум билан кўрсатишга уриниб, «бу борада айтажак биринчи гапим шуки, биз «Орешник» ракетасини серияли ишлаб чиқаришни бошладик», деди. Бу гапнинг таржимаси шундай бўлади: «Трампми, ундан каттасими, ким бўлса ҳам менга шарт қўёлмайди, улар муддат белгиласа, мен ракета чиқараман, ҳеч кимга қараб иш қилмайман».
Лукашенко Путиннинг гапларини қувватлаб, Украинани «югуриб келиб Путин билан келишишга» чақирди. «Акс ҳолда бир, бир ярим ойда руслар ҳаммасини эгаллаб олади», деб қўшимча қилди бир вақтлар Ўзбекистонга ақл ўргатишга уринган Лукашенко. Лекин Батка шу ерда цензурага учради. Путинга унинг «руслар эгаллаб олади» деган гапи ёқмади-да, «қайтиб олишади денг, бу ерлар бизники», деди. Яъни ўз вақтида Украина ҳудудий яхлитлигини расман тан олган Путинга кўра Украина ерлари Россияга тегишли экан. Қайси ҳужжатга кўра? Жаноб Путин бунисини айтмади.
Трамп ва Медведев баҳси
Бу ҳафта «Ростелеком» раиси, дарвоқе, 4 йил Россияда президент ҳам бўлиб ишлаган Дмитрий Медведев АҚШ президенти Трамп билан тортишиб қолди. Тўғрироғи, Трамп Россия собиқ президенти билан тортишди. АҚШ президенти россиялик ҳамкасби Путинга Киев билан сулҳ имзолаш учун ўн кун муддат берганди. Медведев бунга жавобан Трампнинг гаплари сабаб Россия ва АҚШ урушиб кетиши мумкинлигини айтди.
Одатда Медведевнинг постларига эътибор бермайдиган Трамп бу гал истисно қилиб, унинг фамилиясини келтириб пост ёзди. «Ана у ўзини ҳамон президент деб ўйлайдиган омадсиз Медведевга айтинглар, тилини тийиб юрсин, у жуда хавфли ҳудудга кириб қолди», деди. Медведев ҳам бўш келмай Трампга «ядровий қиёмат-қойим билан» таҳдид қилди. АҚШ президенти эса ядровий сувости кемаларига Россия яқинига сузиб боришни буюрди. Хуллас, оддий интернетда бошланган тортишув сабаб дунёдаги энг қудратли икки ядровий давлат ўртасида зиддият кучайди. Катталар бекорга айтмаган: ўйлаб гапириш керак!
«Аэрофлот»га ҳужум
Ҳафта давомида Россиядаги энг йирик авиаташувчи «Аэрофлот» жиддий ҳакерлик ҳужумига учради. Беларуслик ҳакерлар гуруҳи компания тизимини осонгина бузиб кириб, рейслар жадвалида парокандалик келтириб чиқаришди. Оқибатда «Аэрофлот» бир неча дақиқа ичида юзлаб рейсларни бекор қилди, Москва аэропортларида чинакам хаос бошланди.
Маълум бўлишича, «Аэрофлот»да Windows XP операцион тизимининг эскирган версияси ва Windows 2003 тизимидан фойдаланишгани ҳакерлар ишини осонлаштирган. Компания бош директори 2022 йилдан бери компютери паролини ўзгартирмаган экан (урушни кузатиш билан бўлиб, паролни ўзгартириш эсига келмагандир). Қизиғи, ҳакерлар бир йилча вақт давомида компания корпоратив чатларида бўлиб, барча ёзишмаларни кузатган, лекин техник ходимлар буни сезмаган.
Трамп Путинга муҳлат берди
Айтганча, Путин Трампнинг қайси ултиматумига жавоб қайтаргани ҳақида тўлиқроқ маълумот беришни унутибман. Хуллас, самолётда кетаётган Трампдан журналистлар «жаноб президент, Россияга 50 кун вақт бергандингиз, кейин уни қисқартиришингизни айтдингиз, бунга ойдинлик киритсангиз», дейишди. Трамп бунга жавобан «бугундан бошлаб ўн кун», деди. Яъни Россия Украина билан 8 августгача сулҳ имзоламаса, Вашингтон чора кўришни бошлайди.
Россияга жуда кўп дедлайн белгилаган Трампда энди ортга йўл йўқ, бу гал ҳаракат қилмаса, унинг гапларини атрофидагилар ҳам ҳурмат қилмай қўйишади.
Россия янги ерларни эгалламоқда
Жаноб Путин дўсти Лукашенко билан черковда хотиржам сайр қилиб юрганича бор: ҳафта давомида руслар фронтда яхшигина одимлади. Киевни ололмаган бўлишса ҳам, кимсасиз, вайронага айланган украин қишлоқларини эгалламоқда. Масалан, Донбассдаги Часив Яр шаҳри руслар томонидан эгаллаб олинди, Покровскка штурм кучайди. Путин ҳам Россия бутун фронт бўйлаб ҳужум қилаётганини тасдиқлади. Энди руслар Украинани тўлиқ эгаллаш фикридан қайтган кўринади, улар асосан Донбассни эгаллашга зўр бермоқда. Руслар Покровскни олса, Краматорск ва Славянскка чиқиши мумкин. Бу эса Путинга «Донбасс тўлиқ эгаллангани ҳақида» эълон қилиш имконини беради.
Руслар Суми йўналишида ҳам ҳужум қилаётгани Украинани бу йўналишда кўпроқ бўлинмаларни ушлаб туришга мажбур қилмоқда. Хуллас, русларнинг фронтда иши юришмоқда. Улар оз-оздан бўлса ҳам Украина ерларини эгаллаяпти.
Уиткофф Ғазога борди
Ҳафтанинг энг катта майнавозчилиги Америка ва Исроил томонидан уюштирилди. Трампнинг Яқин Шарқ бўйича мақсус вакили, миллиардер Стивен Уиткофф ҳафта давомида Исроил босқинчи армияси кулини кўкка совурган Фаластиннинг Ғазо секторига борди. Исроил томони унинг ташрифи сабаб ҳуманитар ёрдам тарқатиладиган жойлар яқинидан танклар, артиллерия қуролларини олиб чиқиб кетди.
Исроил армияси ёрдам маҳсулотлари олишга борган фаластинликларга қарата ўқ узгани, оқибатда минглаб одамлар ўлдирилгани кўп манбалар томонидан ёзилди. Исроил БМТнинг ёрдам пунктларини куч билан ёптириб, ўрнига ўзи Америка билан бирга ёрдам тарқатадиган фонд очди. Бу ерларни «ўлим тузоғи» деб ҳам аташади. Чунки овқат олгани борганлар у ердан тирик қайтиши аниқ эмас. Бецалел Смотрич каби Исроил миллатчи вазирлари «барча ғазоликлар очдан ўлса ҳам ҳеч нима қилмайди», деб очиқ гапиргани бу тузоқ чиндан атайин ташкил қилинганига ишора.
Лекин Стивен Уиткоффни Ғазога олиб борган исроилликлар унга «бўлгада ҳаммаси жойида экани, атроф гуллаб-яшнаётганини» кўрсатиб келишди. Уиткофф ҳам бунга ишониб, мамнун ҳолда Америкага қайтди.
Жаноблар, сиз бугун бир миллатнинг миллионлаб вакилларини рақамлар ўрнида кўриб, уларнинг устидан кулиб, хўрлаяпсиз. Бу ишингиз учун, албатта, жавоб берасиз, ким бўлсангиз ҳам, қайси президентнинг вакили бўлсангиз ҳам. Ўтган аср ўрталарида бир миллатнинг миллионлаб вакилларини қириш орқали инсониятга уруш очган бир немис газанда бор эди. У ҳам одамларни ўлдираётган, оилаларни бузаётган вақтида ҳеч ким менга қаршилик қилолмайди, деб ўйларди. Лекин охирида итдай хор бўлиб ўлди... Тарих ҳеч қачон миллатларни қирганлардан қасосини олмай қўймайди.
Киевдаги уйга зарба
Ҳафтанинг энг даҳшатли воқеаларидан бири Россиянинг Киевдаги кўп қаватли уйга зарбаси бўлди. Россия 1 августга ўтар кечаси Украина бўйлаб 309 та дрон ва саккизта «Иснакдер-М» қанотли ракеталари учирди. Улардан бири Киевдаги кўп қаватли бинога тушди. Бу вақтда уйдагилар ширин уйқуда эди. Руслар зарбасидан кейин уйдаги подездлардан бири қулаб тушди. Камида 31 киши ҳалок бўлди, улардан беш нафари болалар.
Россия мудофаа вазирлиги доимгидай «биз фақат ҳарбий объектларни нишонга оламиз», деб баёнот берди. Лекин онаси эртага боғчага бориш керак деб вақтлироқ ухлатган, уйқусидан қайтиб уйғонмаган болаларнинг ҳеч бири ҳарбий эмасди. 1 август Украинада мотам куни деб эълон қилинди.
Мен яна бошқа хабарларни ҳам киритмоқчи эдим, лекин шу ерда тугатмоқчиман. Азизлар, мен бу гапни сизга жуда кўп айтганман, ҳозир яна эслатмоқчиман: ҳеч қайси урушни қўлламанг, ҳеч бир томоннинг уруш бошлаш ҳақида иддаоларини асосли деманг, доим эсингизда бўлсин, урушда болалар ўлади. Дунёда болалар ўлимидан даҳшатли ҳеч нарса йўқ. Болалар ўлими эвазига қўлга киритишга арзийдиган ҳеч қандай сиёсий мақсад ҳам, ҳеч қандай илоҳий даъво ҳам йўқ. Урушларни қораланг, уруш тарафдорларига бегуноҳ одамлар ўлиб кетаётганини эслатинг.
Омон бўлинг, азизлар. Барчангизга саломатлик, оилангизга тотувлик тилайман. Дунёдаги барча болалар омон бўлсин, ҳамма болалар эрталаб уйғониб боғчасига борсин, ҳеч кимнинг боласи ўлмасин, ҳеч кимнинг бошига бомба тушмасин. Кейинги якшанбада кўришгунча.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
21:13 / 07.06.2026
Трамп Нетаняҳуни сўкди, Зеленский Путинга хат ёзди – ҳафта дайжести
17:55 / 24.05.2026
Эрон Америкага «йўқ» демоқда – ҳафта дайжести
21:00 / 17.05.2026
Трамп Хитойга борди, Ямал қўлида Фаластин байроғи – ҳафта дайжести
12:53 / 09.05.2026