Кўчмас мулк | 07:58 / 04.08.2025
2204
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш объектларида QR кодли паспорт ўрнатилади

Қурилиш объектларида QR кодли паспорт ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: zsrf.ru

Низом талаблари ҳудудий назорат инспекциялардан рўйхатдан ўтган барча қурилиш объектларига нисбатан татбиқ этилади. Низом талаблари давлат сирлари билан боғлиқ бўлган объектларга нисбатан татбиқ этилмайди.

QR кодли паспорт ҳудудий назорат инспекциялардан рўйхатдан ўтган кунда буюртмачи томонидан объектнинг кириш қисмига ёки барча учун кўринадиган жойда ўрнатилади.

QR кодли паспорт буюртмачи томонидан тайёрланади. Бунда, QR кодли паспортда қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлиши лозим: объект номи ва манзили; буюртмачи ташкилоти номи; лойиҳа ташкилоти номи; пудратчи ташкилоти номи; буюртмачининг техник назоратчиси фамилияси, исми, шарифи ва хизмат телефон рақамлари; лойиҳачининг муаллифлик назоратчиси фамилияси, исми, шарифи ва хизмат телефон рақамлари; пудратчининг ички назоратчиси фамилияси, исми, шарифи ва хизмат телефон рақамлари; қурилиш муддати (бошланган сана ва якунлаш санаси); объектнинг умумий кўринишлари; объектнинг қирқими; объектнинг бош тархи; объектнинг бош тархи қайдномаси; QR код («Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформасида акс этувчи ҳавола); ҳудудий назорат инспекциядан рўйхатдан ўтган санаси ва рақами.

QR кодли паспорт ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтган кундан бошлаб, объект фойдаланишга топширилгунга қадар амалда бўлиши ва тақдим этилиши шарт. QR кодли паспорт намлик ва ташқи таъсирларга чидамли материалдан тайёрланган бўлиши, умумий ўлчамлари 2400х1200 мм ни ташкил этиши ҳамда ер сатҳидан камида 1 м баландликда ўрнатилиши лозим.

QR кодли паспортдаги маълумотлар «Ўзбекистон давлат тили ҳақида»ги қонунга мувофиқ давлат тилида баён этилиши лозим. QR кодли паспорт ташқи таъсирлар натижасида яроқсиз ҳолга келиб, QR код орқали маълумотларни ўқиш ёки кўриш имкони бўлмаса, у янгиланиб, қайта тикланиши лозим. Бунда паспортни янгилаш ва қайта тиклаш буюртмачининг мажбуриятига киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид