Роппа-роса бир йил муқаддам, 2024 йил 6 августида Украина қўшини Курск области чегарасини кесиб ўтган ва урушнинг энг қақшатқич жангларидан бирини бошлаганди, бу етти ойдан ошиқ вақт давом этди. Украина қуролли кучларининг катта шов-шув кўтарган тактик муваффақияти якунда барибир мағлубият билан якунланди, бу эса Украина армияси учун узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келди. Қисман бундай якун аввалбошданоқ маълум эди: Курск областидаги операциянинг сиёсий ва стратегик мақсадлари содда бўлиб чиқди, эҳтимолий минуслар эса режалаштириш босқичидаёқ плюслардан устун келди. Операция бошланганидан кейинги оператив хатолар ҳам таъсир кўрсатди, бунинг натижасида Украина қуролли кучлари ўзлари учун қулай шароитларда жанг қила олмади ва Курск областидаги плацдармни ишончли ҳимоя қила олмади.
Оқибатда ҳар икки томон ҳам катта талафот кўрди. Бу айниқса Украина қуролли қучлари учун критик даражада бўлди (шахсий таркиб ва оғир қуроллар танқислигини ҳисобга олган ҳолда). Катта эҳтимол билан, Курск областига бостириб кириш орқали Украина қўмондонлиги Донбасс учун жангда Россиянинг йирик захираларидан фойдаланишнинг олдини олишга муваффақ бўлган. Аммо бу анча қимматга тушди.
Украинанинг Суджадаги ҳужумидан мақсад нима эди? Украина армияси Курск областида нималарга эришди?
Курск областига босқиннинг ҳақиқий мақсадларини тушуниш учун фронт 2024 йил ёзида мавжуд бўлган оператив ва стратегик вазиятни эслаш керак.
- Украина қуролли кучларининг 2023 йил ёзи ва кузида Запорижжя областида, Бахмут яқинида ва Днипрнинг сўл соҳилидаги плацдармда муваффақиятсиз кечган қарши ҳужумларидан сўнг, Украина қўмондонлиги бу амалиётларда иштирок этган кучларнинг бир қисмини захирага олди.
- 2023 йил октябр ойи бошида Россия қуролли кучлари муваффақиятли ёллаш кампаниясидан кейин юзага келган сон устунлигидан фойдаланишга қарор қилди. РФ армияси билан шартнома тузган кўнгиллилар ҳисобидан янги тузилган бирлашмалар фронтнинг нисбатан тинч участкаларига юборилди. Сафарбарлик ва шартнома асосида хизмат қилувчиларни ёллаш орқали қўшимча кучга эга бўлган тажрибали қўшинлар эса Донбасснинг марказий қисмида тўпланди.
- 2023 йил октябридан 2024 йил февралига қадар Авдийивка учун қақшатқич жанглар бўлиб ўтади. Украина қўмондонлиги захирадаги кучларнинг бир қисмини шаҳар ҳимояси учун олиб келади, аммо фронт чизиғини ушлаб қололмайди. Баҳорга келиб Авдийивкадан ғарбда фронт чизиғи барқарорлашгандек кўринаётганди; жангларда қатнашган украин бригадаларининг бир қисми яна фронтортига олиб кетилади.







