Ўзбекистон | 12:24 / 08.08.2025
3577
1 дақиқада ўқилади

Миллий ташувчилар оғир юкларни тўғридан тўғри Хитойдан ташишни бошлади

Мамлакатда саноат, энергетика, қурилиш ва бошқа кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари сабаб катта ҳажмли ва оғир вазнли ностандарт юкларни халқаро етказиб беришга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Шикаст етказмасдан қисмларга ажратиш имконияти бўлмаган ўта оғир ускуналар, турли саноат агрегатлари, электростанция қурилмалари, катта ҳажмли металл конструкциялар шу каби юклар сирасига киради. Логистика тилида бундай ностандарт юкларини ташиш билан боғлиқ йирик операциялар лойиҳавий юк ташувлари деб аталади.

Миллий ташувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўзбек миллий ташувчилари илк маротаба Хитой Халқ Республикасидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳудудидан катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида тўғридан тўғри ташувларини амалга оширишни бошлади.

Айни дамда ҳар бирининг оғирлиги 270 тоннадан юқори бўлган юк модуллари махсус транспорт воситаларида Хитойдан Сурхондарё вилоятига етказилмоқда. Мазкур юк модуллари Сурхондарё вилоятида қурилаётган иссиқлик электр станцияси учун ишлаб чиқарилган ускуналардир.

Ташув аниқ белгиланган йўналиш бўйича тегишли рухсатнома асосида амалга оширилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид