Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилнинг биринчи ярми якуни бўйича давлат бюджети ижроси ҳақида маълумот берди. Унда даромад ва харажатлар динамикаси, субсидиялар таркиби ҳамда асосий молиявий оқимлар очиқланган.
Даромадлар
2025 йилнинг январ-июн ойларида давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига (121 трлн сўм) нисбатан 19,2 фоизга кўп.
Даромадлар таркибида энг катта улушга эга қўшилган қиймат солиғи ўсиш динамикаси бўйича ҳам биринчи ўринда: ҚҚСдан тушумлар 34 фоизга ошиб, 35,9 трлн сўмга етди. Иккинчи энг катта тушум манбайи – фойда солиғи бўйича эса бюджет даромадлари атиги 2 фоизга кўпайиб, 22,5 трлн сўмни ташкил этди.
Январ-июн ойларида жисмоний шахслар ўзлари олган даромадлардан 19,9 трлн сўм солиқ (ЖШОДС) тўлади – бу бир йил олдингидан 18 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан тушумлар 10,3 трлн (+12%), аксиз солиғидан тушумлар 10,0 трлн (+16%), божхона божларидан тушумлар 5,4 трлн (+15%), ер солиғи тушумлари 4,8 трлн (+20%), мол-мулк солиғи тушумлари 4,1 трлн (+17%), айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 1,6 трлн (+23%) бўлди.
Давлат бюджетига тушумларнинг 80 фоизини санаб ўтилган шу солиқлар ва божхона божлари ташкил этади. Қолган 20 фоиз – хусусийлаштириш тушумлари, дивидендлар, давлат мулкини ижарага бериш ва бошқаларни қамраб олувчи “бошқа даромадлар” таснифидаги тушумлар 25 фоизга ўсиб, 29,3 трлн сўмни ташкил этди.
Харажатлар
Ярим йилликда давлат бюджети харажатлари 173,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,4 фоиз кўп.
Энг йирик харажатлар:
- иш ҳақи – 62 трлн (+15%);
- ижтимоий нафақалар – 11,4 трлн (–2%).
- Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига трансфертлар – 10,5 трлн;
- Пенсия жамғармасига трансфертлар – 10,3 трлн (+51%);
- табиий газга субсидиялар – 7 трлн (–25%).
Юқоридаги бешта харажат биргаликда (101,2 трлн сўм) давлат бюджети чиқимларининг 58 фоизини ташкил этди.

























