Покистон афғонларнинг депортациясини авж олдирди, 1,4 млн афғон давлатдан қувилиши керак. Жаҳон банки Тожикистонга 50 млн доллар пул беришини эълон қилди. Қозоғистонда биринчи АЭСнинг қурилиши бошланди. Қирғизистонда матбуотга чет эл таъсири чекланди. Туркманистон ойлаб тайёргарлик кўрган тадбирини ўтказди, меҳмонлар ичида БМТ бош котиби ҳам бор.

Жаҳон банки Тожикистонга 50 млн доллар беради

Жаҳон банки Ижроия кенгаши 50 миллион доллар миқдоридаги грант маблағларини ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Тожикистонга бериш қарорини маъқуллади. 

Тожикистон ҳукуматининг иқтисодиётда рақобатни кенгайтириш, хусусий секторни ривожлантириш, шунингдек, хизматлар сифати ва қулайлигини ошириш лойиҳаларига ушбу пуллар сарфланиши керак.

“Мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини очиб бериш ва Тожикистон фуқароларига сезиларли наф келтириш учун мўлжалланган ушбу ислоҳотларга ёрдам берамиз. Лойиҳа орқали рақобатбардош ва очиқ бозор муҳитини яратиш ҳам тадбиркорлар, ҳам истеъмолчилар учун янги имкониятлар яратиши керак, деди Жаҳон банки гуруҳининг Тожикистондаги вакили вазифасини бажарувчи Вей Винни Ванг.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Жаҳон банки Тожикистондаги умумий қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 26 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Халқаро молия ташкилоти мамлакат аҳолиси ҳаётини яхшилаш, одамларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ҳам пул бераётганини айтади.

Қирғизистонда матбуотга чет эл таъсири чекланади

Қирғизистон матбуотга чет эл таъсирини чеклади. Президент Садир Жапаров “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжатда таҳририятларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, иш қоидалари ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек журналистлар учун жавобгарлик ва кафолатлар кўрсатилган.

Қонунга кўра, чет эл фуқаролари ва компаниялари Қирғизистонда фаолият юритаётган матбуот тузилмалари устав капиталидаги 35 фоиздан ортиқ акция, улуш ёки пайларга эга бўла олмайди.

Таҳририятлар ахборот манбасини, жумладан аноним шароитда маълумот берганнинг шахсини ошкор қилмаслик ҳуқуқини сақлаб қолади. Истиснолар фақат суд қарори асосида бўлиши мумкин.