Дам олиш кунларида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Туркияда зилзила
10 август куни Туркия шимоли-ғарбидаги Баликесир вилоятининг Синдирги туманида 6,1 магнитудали ер силкиниши қайд этилди. Зилзила ўчоғи Истанбулдан 400 километр масофада, 11 километр чуқурликда жойлашган.
Ер қимирлаши атрофдаги бошқа шаҳарлар, хусусан, Истанбулда ҳам сезилган.
30 сонияга яқин давом этган зилзила вақтида одамлар тўғри келган жойга яширинган, тарқалган видеолардан бирида хонада ишлаб ўтирган қиз стол остига кириб олгани акс этган, кейин стол устига шкаф қулаб тушган.
Бошқа видеоларда эса кўплаб одамлар кўчаларга чиқиб олганини кўриш мумкин.
Milliyet хабарига кўра, зилзиладан кейин ўртача 3,0 магнитудали етти афтершок кузатилган.
Баликесир шаҳрида ўнлаб бинолар шикастланган, харобалар остидан камида беш киши чиқариб олинган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған жабрланганларга ҳамдардлигини билдирган ва илк дақиқаларданоқ воқеа жойида фавқулодда хизматлар ходимлари иш олиб бораётганини маълум қилган.
Тел-Авивда намойиш
10 августга ўтар кечаси минглаб намойишчилар Исроил пойтахти Тел-Авив кўчаларига чиқиб, бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг Ғазодаги урушни кучайтириш режасига қарши чиқди ва кампанияни зудлик билан тўхтатиш ҳамда гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилди.
Ундан бир кун аввал Исроил ҳарбий-сиёсий кабинети, аҳолининг кенг қаршилиги ва ҳарбийларнинг бу ҳаракат гаровга олинганларни хавф остига қўйиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, Нетаняҳунинг Ҳамасни мағлуб этиш учун Ғазо шаҳрини тўлиқ эгаллаш режасини маъқуллаганди.
Намойишчилар Исроил байроқларини ҳилпиратиб, гаровга олинганлар тасвири туширилган плакатларни кўтариб чиқди. Айрим намойишчиларнинг қўлларида ҳарбийлар томонидан ўлдирилган ғазолик болаларнинг суратларини ҳам кўриш мумкин.
Жамоатчилик фикри сўровлари кўрсатишича, исроилликларнинг аксарияти Ғазода гаровга олинган қолган 50 кишини озод қилиш учун урушни зудлик билан тўхтатиш тарафдори, деб таъкидлайди Reuters. Исроил расмийлари гаровдагиларнинг фақат 20 га яқини тирик қолган деб ҳисоблайди.






