Технология | 12:31 / 13.08.2025
5228
2 дақиқада ўқилади

ChatGPT-5 тезроқ ва ақллироқ, аммо ҳамон GPT-4.5 дан ортда экани маълум бўлди

Таҳлилларга кўра, янги сунъий интеллект ҳақиқатан ҳам ёлғон фактларни камроқ кўрсатади, аммо аниқлик бўйича ортда қолмоқда.

Фото: Shutterstock/JarTee

OpenAI компанияси ChatGPT-5 ни тақдим этиб, уни галлюцинациялардан ҳимояси яхшиланган, энг тезкор, ақлли ва ишончли сунъий интеллект деб атади. Аммо аслида ҳали ундай эмаслиги ойдинлашмоқда.

Моделларнинг хатолар частотаси бўйича рейтингини юритувчи Vectara платформаси маълумотларига кўра, янги сунъий интеллект ҳақиқатан ҳам GPT-4 га қараганда ёлғон фактларни камроқ кўрсатади (1,8 фоизга нисбатан 1,4 фоиз), аммо GPT-4о дан бироз олдинда (1,49 фоиз).

Қизиғи шундаки, ChatGPT-4.5 Preview янада пастроқ кўрсаткичга эга – 1,2 фоиз, энг кам хато о3-mini High Reasoning моделида – 0,79 фоиз.

Яхшиланишларга қарамай, GPT-5 ҳали ҳам аниқлик бўйича 4.5 моделидан ортда қолмоқда, гарчи у Gemini-2.5-pro (2,6 фоиз) ва Grok-4 (4,8 фоиз) каби рақобатчилардан анча олдинда бўлса ҳам.

GPT-5 ишга туширилганида OpenAI Plus обуналаридан эски GPT-4, 4о ва 4о-mini моделлари огоҳлантиришсиз олиб ташланди, бу эса можарога сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар анъанавий функцияларни йўқотганидан шикоят қилди, баъзилари эса буни «ягона дўстни йўқотиш» деб баҳолади.

Компания раҳбари Сэм Алтман эски версияларнинг аудитория учун аҳамиятини етарлича баҳоламаганини тан олди ва обуначилар учун GPT-4o ни вақтинча қайтаришга ваъда берди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид