Дубай — ўзбекистонлик сайёҳлар, айниқса, мазмунли саёҳатни қадрлайдиган оилалар учун катта талабга эга бўлган йўналишлардан бири. Бу ерда денгиз бўйида дам олишни маданий тадбирлар билан бирлаштириш, яъни тарихий мавзелар бўйлаб сайр қилиш, бадавийларнинг анъаналари билан танишиш, музейлар ва арт-масканларга ташриф буюриш, турли мамлакатларнинг таомларини татиб кўриш мумкин. Бу йўналиш Ўзбекистон фуқароларига Дубайни янги томондан кашф қилиш – тарих, санъат ва гастрономия қандай қилиб болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қизиқарли бўлган ноёб муҳитни яратишини кўриш имконини беради.

Йўналиш боши: Дубай тарихига назар

Шаҳарнинг маданий мероси билан дастлабки танишувни Ал Фахидий – Дубайнинг қадимий мавзесидан бошланг. Бу ерда XX аср бошининг муҳити сақланиб қолган. Тор кўчалар, маржон тошлардан қурилган уйлар ва анъанавий шамол миноралари сизни осмонўпар биноларгача бўлган даврга олиб ўтади. Бу ерда музейлар, ҳунармандчилик устахоналари ва бадиий галереялар сиз учун мунтазир.

Шу ердан анъанавий абра қайиғида Дубай-Крик кўрфази орқали қисқа, аммо бир умр эсда қоладиган саёҳатга чиқинг. Болалар учун у ҳақиқий саргузаштга айланади, катталар учун эса – шаҳарни ўзгача ракурсдан томоша қилиш имконини беради.

Қарама-қарши қирғоқда Ал-Сиф соҳилбўйи кўчаси жойлашган, бу ерда қадимий меъморчилик замонавий дизайн билан уйғунлашиб кетган. Кўча бўйлаб шунчаки сайр қилиш, қўлда ясалган буюмлар сотиладиган кичик дўкончаларга кириш, шинам қаҳвахоналарда маҳаллий ноз-неъматлардан татиб кўриш ёки денгиз манзарасидан баҳра олиш мумкин.

Ушбу мавзеда Шайх Муҳаммаднинг Маданий ўзаро англашув маркази (SMCCU) алоҳида ўрин тутади. Бу одамлар орасидаги стереотиплар БАА маданияти тўғрисидаги ҳақиқий билимларга алмашадиган макон. Бу ерда меҳмонлар гилам устида ўтириб, миллий таомларни тановул қиладиган, дин, одатлар ва кундалик турмуш ҳақида исталган саволни беришлари мумкин бўлган анъанавий амирлик нонушталари ва кечки овқатлар ташкил қилинади. Гидлар мамлакат тарихи, оиланинг роли, ҳунармандчилик ва меҳмондўстлик ҳақида сўзлаб беришади, ўзаро ишонч муҳити эса бундай учрашувларни янада самимийроқ даражага кўтаради.