19 август куни соат 11:00 лар атрофида Тошкентда қурилаётган Ислом цивилизацияси марказида ёнғин юзага келди. Тармоқларда кучли ёнғин бино ичидан чиқиб, марказнинг том қисми ва гумбазлари атрофини қамраб олгани кўринади. Видеоларда гумбаз атрофида ўнлаб инсонлар оловга ўчиришга ҳаракат қилгани кўринади. Ёнғин оқибатида осмонга қалин қора тутунлар ҳам кўтарилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, соат 11:11 да Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган Ислом цивилизацияси маркази биносининг том қисмида изоляция қопламаларини ётқизиш ишлари олиб борилишида технологик жараённи бузилиши оқибатида ёнғин келиб чиққан.

«Ёнғин соат 11:32 да ўраб олиниб, соат 11:34 да ўчирилган. Ёнғин туфайли 19 кв.м бинони том қисмидаги майдонда изоляция маҳсулоти ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида фуқаролар жабр кўрмаган ва бинонинг ички қисми шикастланмаган. Бинода нодир экспонатлар сақланмаган», дейилади ФВВ хабарида.