Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

«Оқ уйда катта кун»

18 август куни Вашингтонда АҚШ президенти Доналд Трамп Украина раҳбари Володимир Зеленский ва Европанинг етакчи давлатлари бошчилари билан Украинадаги урушни муҳокама қилди. Ушбу йиғилиш Трампнинг Путин билан 15 августдаги учрашувидан кейинги муҳим дипломатик босқич сифатида кўрилди.

Зеленский тинчлик учун АҚШ ва Европанинг биргаликдаги босими зарурлигини айтди. У Трамп билан қўл сиқиб учрашди ва урушни тугатиш саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украинага ишончли хавфсизлик кафолатлари керак.

Оқ уйда НАТО бош котиби ва Европа давлатлари етакчилари қатнашди. Улар Украина учун НАТОнинг 5-моддасига яқин хавфсизлик кафолатлари зарурлигини урғулашди. Германия канцлери Фридрих Мерц ва бошқалар эса сулҳ ҳар қандай музокарадан олдин бўлиши кераклигини таъкидлади.

Трамп эса ноаниқ баёнотлар берди: «Биз доимий тинчликка эришамиз», деди, аммо Украина ҳудуддан воз кечиши масаласига жавоб бермади. У «ҳудудлар алмашинуви имконияти»ни тилга олди, аммо Европа раҳбарлари бу нуқтада эҳтиёткорлик билан муносабат билдирди.

Йиғилишдан сўнг Трамп Путинга қўнғироқ қилди. Россия расмийларига кўра, 40 дақиқа давом этган суҳбат «очиқ ва конструктив» ўтган, томонлар юқори даражадаги музокарачилар тайинлашга келишган. Бироқ Путин Зеленскийни легитим деб ҳисобламаслигини аввалдан билдирган.

Трамп ва Зеленский сўнгги баёнотларида энг тортишувли масалалар – сулҳ ва ҳудудлар тақдири – Путин билан юзма-юз музокарага қолдирилишини айтди. Трамп уч томонлама учрашувга умид қилмоқда. Учрашув якунида тарафлар барқарор тинчлик сари ҳаракат қилиш зарурлигини такрорлади, аммо асосий ечимлар ҳали номаълум қолмоқда.

Ҳамас сулҳ таклифини қабул қилди

Ҳамас Исроил билан 60 кунлик сулҳ таклифини қабул қилди. Унга кўра, Ғазода ушлаб турилган гаровдагиларнинг ярми озод қилинади ва Исроил айрим фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборади. Бу ҳақда Миср расмий манбаларига таяниб Reuters хабар бермоқда.

Ҳамаснинг юқори лавозимли расмийси Басем Наим ҳам гуруҳнинг сулҳга розилигини тасдиқлади. Ҳамас шунингдек, бошқа Фаластин гуруҳлари ҳам воситачиларга ўз розиликларини билдирганини маълум қилди. Исроилнинг таклифга расмий жавоби бўлмаган, бироқ бир расмий унинг қабул қилинганини тасдиқлаган. Миср ва Қатар АҚШ қўллови билан томонлар ўртасида воситачилик қилмоқда.