Ўзбекистон | 12:09 / 20.08.2025
1702
2 дақиқада ўқилади

«Намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз уй» ташкил этишга оид талаблар белгиланди

Инфратузилмавий талаблар қаторига кўчаларнинг ёритилиши, техник кузатув воситалари ўрнатилиши ва бошқалар киради.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор билан «Криминоген вазияти мураккаб ва оғир маҳаллаларда «намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз уй» ташкил этиш» бўйича талаблар тасдиқланди.

«Намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз уй» ташкил этишга оид инфратузилмавий талаблар қуйидагилар:

- тунги вақтда кўчанинг аҳоли истиқомат қиладиган ва ҳаракатланадиган қисми тўлиқ ёритилиши;

- берк кўчалар, ички йўлаклар ва аҳоли кам юрадиган, жиноят содир этилиши эҳтимоли бўлган қоронғу ҳудудларнинг қисман ёритилиши;

- транспорт воситалари учун автотураргоҳларнинг техник кузатув талабларига жавоб бериши;

- кўчаларда ноқонуний (ёйма) савдо расталари фаолияти тартибга солиниши;

- қаровсиз ертўла, чордоқ ва чиқиндихоналар мавжуд бўлмаслиги.

Криминоген вазият оғир маҳаллаларда «намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз уй» ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар ҳар чорак ва ҳар ойда маҳалла, туман ва вилоят даражасида ишлаб чиқиладиган «йўл хариталарига» манзилли киритилади.

«Маҳалла еттилиги» томонидан «намунали хавфсиз кўча» боши ва охирига, шунингдек, «намунали хавфсиз уй»га ушбу ижтимоий мақомни билдирадиган стикер ўрнатилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид