Авазада бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қўшма баёнот қабул қилди. Баёнот матни ҳозирча очиқланмади.
Етакчилар ҳузурида транспорт ва логистика, кемасозлик ва фуқаро авиацияси соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, Товар-хомашё биржалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.


Музокаралар якунида оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти ўз сўзида уч мамлакат халқлари манфаатлари йўлида стратегик шерикликни ривожлантириш борасидаги қатъий сиёсий иродани яққол намоён этган учрашувнинг самарали якунларини юксак баҳолади.
Музокараларда транзит йўлакларини ривожлантириш, жумладан, Туркманбоши ва Боку портлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, замонавий логистика инфратузилмасини биргаликда шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Миллий транспорт тизимлари интеграциясини чуқурлаштириш мақсадида минтақадаги мавжуд ва истиқболли йўналишларни ўзаро боғлаш режалари атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон бу борада ўзаро мувофиқлашган сиёсат юритиш тарафдори экани таъкидланди.

Бу, биринчи навбатда, халқаро бозорларга чиқишда бизнес учун қулай шароитлар яратиш ва тариф сиёсати масалаларидир.
Каспий денгизи орқали логистика инфратузилмаси ва паром ташувларини ривожлантириш лойиҳалари устида биргаликда ишлаш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, уч мамлакат ўртасида энергетика соҳасида - углеводород конларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқарилган электр энергиясини экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.













