Ўзбекистонда фойдаланишда бўлган автомобилни фойдаланишда бўлган бошқа автомобилга алмаштириш – “Trade-up” дастури йўлга қўйилади. 22 август куни бу борада ҳукумат қарори қабул қилинди.
Бунга қадар, фойдаланишда бўлган автомобилни устига пул тўлаб, янгисига алмаштириш – “Trade-in” дастури жорий этилганди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам жисмоний ёки юридик шахс дистрибютор ёки дилер ташкилотига минилган автомобилни сотаётганда, олди-сотди битимини нотариал расмийлаштириш талаб этилмайди. Шу билан бирга, эр (хотин)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилик хати керак бўлади.
Қонунчиликда бу тушунчаларга қуйидагича изоҳ берилди:
- “Trade-in” – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини янги автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш;
- “Trade-up” – илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш.
Шунингдек, қонунчиликда дистрибюторлар ва дилерлар тушунчаси ажратилди:
- дистрибютор ташкилоти – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи билан тегишли дистрибюторлик келишувига эга юридик шахс;
- дилер ташкилоти – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича дистрибютор ташкилоти ёки ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик келишувига эга юридик шахс.
Аввалроқ енгил автомобилларни сотувчи расмий дилерлар рўйхати эълон қилинганди.







