Жаҳон | 20:38 / 27.08.2025
4180
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» ҳукумати Афғонистоннинг беш йиллик ривожланиш стратегиясини тасдиқлади

Стратегия учта асосий йўналишда қурилган: бошқарув ва халқаро муносабатлар; хавфсизлик ва жамоат тартиби; иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш.

Фото: rta.af

Толиблар Афғонистоннинг беш йиллик ривожланиш стратегиясини тасдиқлади, бу давлат бошқаруви, хавфсизлик ва иқтисодиёт соҳаларида келгуси йиллар учун ҳаракатлар режасидир. Бу ҳақда Кобулдаги матбуот анжуманида «Толибон» вакили Забиҳулло Мужоҳид маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳукумат томонидан маъқулланган ҳужжат «Толибон» назорати остидаги барча давлат институтларини бирлаштиришга қаратилган, стратегиянинг ўзи эса мамлакатнинг ички ресурслари ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Стратегия учта асосий йўналишда қурилган:

- бошқарув ва халқаро муносабатлар;

- хавфсизлик ва жамоат тартиби;

- иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш.

Келгуси беш йилга мўлжалланган ҳаракатлар режасида қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва энергетика, транспорт ва алоқа, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби 10 та соҳа белгиланган.

Ҳужжатда, шунингдек, 15 та устувор дастур мавжуд. Хусусан, ислом ҳуқуқига риоя этилишини таъминлаш, давлат секторини ислоҳ қилиш, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, жамоат тартиби ва чегараларни қўриқлашни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтларини кучайтириш, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ва озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш, таълимни кенгайтириш, телекоммуникация ва ахборот технологияларини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Стратегиянинг мақсади бутун Афғонистоннинг мувозанатли ривожланишини таъминлаш ва «Толибон» вазирлик ва идоралари фаолиятини яхшироқ мувофиқлаштиришдир, деб хулоса қилди Мужоҳид.

ОАВ вакилларининг таъкидлашича, Мужоҳид стратегияда қизларнинг мактабга боришига рухсат берилиши йўқлигига изоҳ бермаган ва бу мавзуни «иккинчи даражали масала» деб атаган. Шунингдек, Мужоҳид толиблар конституцияни ишлаб чиқишни давлат бошқарувининг муҳим элементи деб ҳисоблайдими, деган саволга аниқ жавоб беришдан бош тортган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид