Тошкентда сув хўжалиги соҳасида 180 га яқин илмий ишланмалар ва ихтиролар кўргазмаси намойиш этилди. Уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, молиялаштириш бўйича шартномалар имзоланди. Сув хужалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Агробанк” ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда сувни тежаш ва янги сув манбаларини яратиш имкониятлари кўриб чиқилган.

28 август куни Тошкентда сув хўжалигига оид илмий ишланмалар ва ихтироларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Профессор Муҳаммадхон Ҳамидовнинг сўзларига кўра, шу пайтгача экинларни томчилатиб суғориш тартиблари ишлаб чиқилмаган эди. Бироқ ҳозирга келиб бу бўйича тавсиялар тайёрланган.

“Кейин суғориш технологиялари самарадорлигини оширишда уларнинг суғориш техникаси элементлари бўйича илмий тавсиялар бўлиши керак. Ҳозир маълум жойларда бор, томчилатиб суғориш технологиялари самарадорлиги пасайиб кетган. Томчилаткичларнинг сув сарфи қанча бўлиши керак, орасидаги масофа қанча бўлиши керак, суғориш қувурлари орасидаги масофа қанча бўлиши керак, мана шуларни тупроққа ва экин турига қараб илмий асосланган тавсияларимиз бор. Уларни қўлласа бўлади”, - дейди Ҳамидов.

Профессорнинг айтишича, шўрланган ерларда томчилатиб суғориш усулини қўллаш тавсия қилинмайди. Лекин Микробиология институти билан биргаликдаги бунинг йўли топилган.

“Биопрепаратлардан фойдаланиб, томчилатиб суғоришнинг шу шўрланган ерларда ҳам самарадор бўлишини тасдиқловчи технологияни яратганмиз”, - дейди у.

Шунингдек, Муҳаммадхон Ҳамидов сув танқис бўлган ёки механик сув кўтариб суғориладиган жойларда коллектор зовур сувларини биологик усулда минерализациясини пасайтириб, уни суғорма деҳқончиликда қўллаш технологияси тақдимот қилинганини айтди.

“Бу технология бир томондан сувни тежашга янги сув манбаларини яратиб беради. Иккинчи томондан сувўтлари хомашё сифатида биогаз ишлаб чиқариб, кейинги жараёнда электр энергия ишлаб чиқариш имконларини яратади”, - дейди профессор.

Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори Абдувоҳид Ўразкелдиевнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, Қашқадарёдаги каналларни бетонлаштириш ўрнига базалтдан фойдаланилиши мумкин.

“Бу бетон ўрнига алтернатив бўлган базалт, яъни геомембрана ва базалтдан қилинган тўр сеткаларни қўйган ҳолда, у ерда тадқиқот ишларини олиб боряпмиз. Бундан ташқари, олимларимиз томонидан мана бу сув омборларини лойқадан тозалаш ёки ундан чиққан материалларни ишлатиш масалалари бўйича ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб бориляпти”, - дейди Ўразкелдиев.