Россияда бензин ишлаб чиқариш ҳажми август ойи охирига келиб ички истеъмолнинг қарийб 70 фоизи даражасигача тушди. Бу ҳақда Reuters 28 август куни соҳадаги икки манбага таяниб хабар берди.

Агентлик маълумотига кўра, бензин ишлаб чиқариш ҳажми тахминан июл ойи бошидаги кўрсаткичгача пасайган. Ўша вақт Россияда ёнилғи инқирозининг биринчи тўлқини авжига чиққан эди.

Сўнгги бир ҳафта ичида дрон зарбалари Россиядаги бир қатор йирик нефтни қайта ишлаш заводлари, жумладан Перм, Нижний Новгород ва Ярославлдаги корхоналар фаолиятида муаммолар келтириб чиқарган.

21 август куни Перм ўлкаси ҳукумати дронлар ҳужуми оқибатида «саноат объекти» зарар кўрганини маълум қилган. Мониторинг Telegram-каналлари маълумотига кўра, гап «Лукойл-Пермнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи ҳақида борган ва объектда ёнғин чиққан.

26 августга ўтар кечаси Нижний Новгород вилоятининг Кстово шаҳридаги объектларга ҳужумдан кейин «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» заводи фаолиятини тўхтатган. У Россияда нефтни қайта ишлаш қуввати бўйича тўртинчи, бензин ишлаб чиқариш ҳажми бўйича эса иккинчи йирик завод ҳисобланади.

Корхона йилига қарийб 15 млн тонна нефтни қайта ишлаш ва тахминан 5 млн тонна бензин ишлаб чиқариш қувватига эга.

28 августга ўтар кечаси эса Украина дронлари йил бошидан буён саккизинчи марта «Ярославнефтеоргсинтез» («Славнефть-ЯНОС») заводига ҳужум қилган. У ишлаб чиқариш қуввати бўйича Россиядаги бешинчи йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳисобланади.

Ҳужумдан кейин Ярославлда айрим йўллар ёпилган, жамоат транспорти йўналишлари ўзгартирилган ва қатор болалар боғчалари вақтинча ишламаган.

Йил бошидан бери 70 дан ортиқ ҳужум

Financial Times ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил бошидан буён Украина Қуролли кучлари Россия нефтни қайта ишлаш заводларига 70 мартадан ортиқ ҳужум уюштирган.

Газета маълумотига кўра, зарбалар натижасида камида 26 та корхона ишдан чиққан.

Июл охири ҳолатига улардан фақат саккизтаси тўлиқ иш фаолиятини тиклай олган. Камида 11 та завод нефтни қайта ишлашни қисман қайта йўлга қўйган, яна еттита корхона эса ишламаётган эди.