Жаҳон | 14:03 / 30.08.2025
1377
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинада европаликлар украиналик аскарларни тайёрлаши масаласини муҳокама қиляпти

Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларини Европа Иттифоқи инструкторлари томонидан ўқитиш, Киев ва Москва ўртасида тинчлик келишуви имзоланган тақдирда Украина учун ғарб хавфсизлик кафолатларининг бир қисмига айланиши мумкин.

Фото: Thomas Traasdahl/Ritzau Scanpix Denmark/REUTERS

Европа Иттифоқида Киев ва Москва ўртасида тинчлик битими тузилган тақдирда Украина Қуролли кучлари ҳарбийларини Украинанинг ўзида тайёрлаш ғояси «кенг қўллаб-қувватланмоқда». Бу ҳақда 29 август, жума куни ЕИ мудофаа вазирларининг Копенҳагендаги норасмий учрашуви якунлари бўйича Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас маълум қилди. Бу қадам, Калласга кўра, ғарбнинг Киев учун хавфсизлик кафолатлари бир қисмига айланиши мумкин. Европа Иттифоқининг ҳарбий тайёргарлик миссияси кенгайиши, шунингдек, Украинадаги ҳарбий академиялар ва бошқа таълим муассасаларида европалик инструкторларнинг ишини ҳам истисно этмайди.

Шу кунгача 80 мингдан ортиқ украиналик аскарлар Европа Иттифоқида ўқитилди, деб хабар беради AFP. Каллас потенциал тинчлик шартномасидан сўнг Украинага инструкторлар юбориш тарафдори бўлган давлатлар номига аниқлик киритмади.

Ўз навбатида, Полша мудофаа вазири ўринбосари Павел Залевский Копенҳагендаги учрашув якунлари бўйича Варшава «ҳали ҳам Украинага қўшин жўнатиш ва қуруқликдаги операцияда қатнашиш ниятида эмаслиги», лекин Украинада тинчликпарвар қўшинлар базаси бўлишга, логистика таъминотини ташкил этишга ва Украина осмонини ҳимоя қиладиган самолётлар учун аэродромлар беришга тайёрлигини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид