Иқтисодиёт | 15:07 / 01.09.2025
3971
2 дақиқада ўқилади

Туркия фермерлари Ўзбекистондан ишчи кучини жалб этишга қизиқиш билдиряпти

Туркиянинг Ниғде вилоятида Ўзбекистоннинг миграция йўналишидаги салоҳияти тақдим этилди.

Фото: "Дунё" АА

Тақдимотда Ниғде вилоят чорвадорлар ва фермерлар уюшмаси раҳбарлари ҳамда аъзолари қатнашди.

Уюшма раиси Б.Гуней тадбир аввалидаги нутқида уюшма 14 000 дан ортиқ аъзоларни бирлаштиришини, улар асосан Европа мамлакатларидан келтирилган наслдор чорва моллари, сут ва гўшт маҳсулотлари етиштиришини таъкидлади.

Қайд этилишича, мазкур соҳада кадрлар ва ишчи кучининг етишмаслиги чорвадорларнинг олдида турган асосий муаммолардан бири ҳисобланади. "Бугунги кунда ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва чорвачилик соҳасидан 200 нафардан ортиқ ишчи кучига эҳтиёж бор, – деди уюшма раиси. – Уюшма аъзолари ушбу эҳтиёж ўрнини тўлдириш, бу орқали соҳани янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр".

Niğtaş A.Ş. компанияси бош директори ўринбосари Хамди Арук ҳайдовчи, пайвандчи, зоотехник, ветеринар каби мутахассисликлар бўйича ишчи кучига эҳтиёж борлигини билдирди. У мазкур мутахассисликлар бўйича 100 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб этишга тайёрлигини тасдиқлади.

"Туркия меҳнат қонунчилигида иш берувчилар ўз корхонасида ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш мажбурияти белгиланган. Шу боис, Ўзбекистондан ўз соҳасининг етук мутахассиси ва меҳнатга яроқли бўлган имконияти чекланган шахсларни ҳам ишга қабул қилишимиз мумкин. Шунингдек, компаниянинг чорвачилик фермаларидаги бўш иш ўринларга 20 кишининг бандлиги таъминлаш имконияти бор", – деди Хамди Арук.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид