Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил армияси ва разведкасини «бенуқсон» операция билан табриклади. У тадбир қачон ва қаерда ўтказилгани ҳақида батафсил маълумот бермаган, бироқ Исроил мудофаа кучлари аввалроқ ўз самолётлари шанба куни Ғазо шаҳрининг Ал-Римал туманида «асосий террорчи»га ҳужум қилганини маълум қилган, шундан сўнг ОАВ нишон Убайда бўлгани ҳақида хабар берган.
Ҳамас унинг ўлимини расман тасдиқламади, бироқ Исроилнинг Ғазо шаҳридаги турар жой биносига берган зарбалари оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ва яраланганини маълум қилди.
Якшанба куни Кац Убайданинг бошқа кўплаб «жиноий шериклари» «Ғазодаги кампаниянинг кучайиши» муносабати билан нишонга олиниши ҳақида огоҳлантирди, бу Исроил томонидан Ғазо шаҳрини эгаллаш режасини назарда тутади.
ЦАҲАЛ ва Исроилнинг Шин-Бет махсус хизмати Абу Убайда нишонга олинган шанба кунги зарбалар ҳақида батафсилроқ маълумот берди.
Қўшма баёнотда улар операция «Убайданинг яширинган жойини аниқлаган [Шин-Бет] ва ЦАҲАЛ разведка бошқармаси томонидан тўпланган разведка маълумотлари шарофати билан ўтказилгани»ни айтишди.
Бешта ракета бир вақтнинг ўзида икки хил йўналишдан олти қаватли турар жой биносининг иккинчи ва учинчи қаватларига учиб борган.
Ҳужумга учраган квартирадан стоматология хонаси сифатида фойдаланилган. Гувоҳлар зарба натижасида ҳавога юз минглаб долларлик банкнотлар сочилиб кетганини айтишган. Хабар қилинишича, катта миқдордаги пуллар атрофдаги аҳоли томонидан талон-торож қилинган, бироқ кейинчалик Ҳамас пулларни қайтариб олган.
Абу Убайда тахаллуси билан машҳур бўлган Ҳутайф ал-Каҳлутнинг ўлдирилиши гуруҳ учун жиддий рамзий зарба ҳисобланади.
Доим юзини ниқоблаган ҳолда кўриниш берган, Исроил ва оккупацияга қарши чиқишлари билан танилган Абу Убайда Ҳамас ҳарбий қанотининг Ғазода омон қолган сўнгги машҳур шахсларидан бири ва бутун Яқин Шарқ бўйлаб Ҳамас тарафдорларининг кумири эди.
Исроил мудофаа армияси ва Шин-Бетнинг қўшма баёнотида ҳам Убайда «Ҳамас террорчилик ташкилотининг таниқли шахси бўлгани» ва «Ҳамас ташвиқоти билан шуғуллангани» айтилган.
Тахминан 40 ёшларда бўлган Абу Убайда жума куни сўнгги нутқида гаровга олинган қолган исроилликларнинг тақдири Ҳамас жангчилари тақдири билан бир хил бўлишини айтган ва Исроилни Ғазо шаҳрига режалаштирилган босқин оқибатларидан огоҳлантирди.
Шанба куни Ҳамас ЦАҲАЛни Ғазо шаҳрининг аҳоли зич жойлашган Ал-Римал туманидаги турар жой биносига зарба беришда айблади.







